тани
билан улашинг
1. Таниш бўлмоқ, билмоқ.
-
Мен уни икки йилдан бери танийман. Бу ерда у ҳеч кимни танимайди.
-
Адолатни таниганлар унга ҳайрон бўлиб, бақрайиб қараб қолар, баъзи бировлар юзини ўгирар эди. С. Зуннунова, Гулхан
-
Нуринисони яқиндан таниганлар у билан ҳар вақт жуда эҳтиёт бўлиб муомала қилар эдилар. Ойбек, Танланган асарлар
2. Ўзига тегишли ёки таниш кимсани, нарсани кўринишидан ёки бошқа бирор белгисидан билмоқ, ажратмоқ.
-
Овозидан танимоқ. Кўзидан танимоқ.
-
Дарвозабон бекни таниб, қўл қовуштирди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Эшелоннинг кейинги тўхташида вагон тирқишидан қараб турган Исроил Азимов бу станцияни таниб, Пенза деди. И. Раҳим, Чин муҳаббат
-
Лой ва тупроққа қоришган жангчиларни танимоқ қийин эди. Ойбек, Қуёш қораймас
-
Ҳай, у қизни ўзинг кўрсанг танийсанми? С. Сиёев, Аваз
3. Фарқига борадиган, яхши-ёмонни ажратадиган бўлмоқ, ажрата билмоқ.
-
Отинг борида йўл тани, Ақлинг борида эл тани. Мақол
-
Сен азалдан одам танийсан. Кўнглингга бир нарса келмасин-у, оғайни, Шоабдуфаттоҳ Хўжаев — ўғил бола йигит. А. Қаҳҳор, Оғайнилар
-
Гилам танийдиган одам икки мингга индамасдан олади. А. Қаҳҳор, Асарлар
-
Жўра бошқа отларга бир зум кўз ташлаб: — Агар от танисанг, рисоладаги саман— шу, — деди. Ойбек, Танланган асарлар
4. Ҳақ-ҳуқуқи, обрўйи, мавқейи ва шу кабилар билан ҳисоблашиб муомала қилмоқ, тан олмоқ.
-
Биз Мусулмонқулни танимаймиз! Бизнинг бошлиғимиз Худоёрхондир! А. Қодирий, Ўтган кунлар
тани сўзи қатнашган жумлалар:
Одамни танимаслик (ёки танимай қўймоқ)
-
Шундай қилиб, кунни ўтказаверди. Бурунгидай одам танимайдиган бўлиб кетди. Баҳром ва Гуландом
-
Равшан Мусаев совхознинг 4-бўлимига бошқарувчи бўлди-ю, унча-мунча одамни танимай қўйди. Муштум
Оқ-қорани таниган
-
Сиз оқ-қорани таниган одамсиз, Абдишукур. Ойбек, Танланган асарлар
Хат танимоқ
-
Ана, сизнинг меҳрибон Ойимхон опангиз. Районга бориб, уч ой ўқиб келди. Ҳа, сал-пал хат танийдиган бўпти. П. Турсун, Ўқитувчи
Эсини (ёки ақлини) танимоқ
-
Биз, раисимиз айтмоқчи, энди эсини таниган боладаймиз: кўп нарсага қизиқамиз, кўп нарсани билгимиз келади. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
-
Мирпўлат Темирович гапнинг пўсткалласини айтдилар, эсимни таниганимдан бери бу — иккинчи марта этик кийишим. С. Маҳкамов, Шогирд
Ҳақини танимоқ
-
Давлатёр таърифлагандек, ҳақини танимаган бу бечора [Худойқул] шу равишда ҳаёт кечирар эди. П. Турсун, Ўқитувчи
ТАНИ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
TANI сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
тани сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар