тоғ
билан улашинг
1. Ер юзасининг теварак-атрофдаги текислик, тепалик ёки бошқа баландликка нисбатан якка ёки қатор ҳолда баланд кўтарилган, одатда, турли тош, қаттиқ жисмлардан иборат қисми.
-
Тоғ тизмаси. Тоғ жинслари. Тоғнинг кўрки — тош билан, Одамнинг кўрки — бош билан. Мақол
-
Кўринган тоғнинг йироғи йўқ. Мақол
-
Лагер тоғ тагига жойлашган. Шарқи-жанубий томон айлана кетган тоғ. Шуҳрат, Шинелли йиллар
-
Жанубдан, кенг ва яшил бағирли Аравон тоғидан аллаловчи салқин, сарин шабада эса бошлайди. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
-
Узоқдан қорайиб кўриниб турган тоғ ўркачига тўлин ой миниб олди. Ҳ. Ғулом, Машъал
-
Олмосдек серқирра, офтобда чўққилари ярқираб турган баланд қорли тоғлар кўзни олади. Мирмуҳсин, Меъмор
-
Атрофни осмон-ўпар тоғлар ўраб олган К. Яшин, Ҳамза
2. Аҳоли яшайдиган тоғли жой, ўлка; тоғлик.
-
Ўрганишда ҳам гап кўп. Отанинг ўзи айтди-ку, у тоғда туғилиб, тоғда ўсган. Ҳа, у тоғнинг ўз одами. С. Анорбоев, Оқсой
3. кўчма Нарсаларнинг баланд (тоғ каби) уюми.
-
Ётиб ейишга тоғ ҳам чидамайди. Мақол
-
Эл хирмонида тўпланаётган оқ олтин тоғларининг қомати юлдузлар сари бўй чўзди. Газетадан
4. кўчма Оғир юк, машаққатли иш, ташвиш, ғов ва шу кабилар рамзи сифатида қўлланади.
-
Ғам тоғи. Елкадан тоғ ағдарилгандай бўлди.
-
Отабек гўё тоғ остида қолган эди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Шунча тадбир билан қочгани ҳолда, дипломини эсидан чиқарганидан Аъзамни ваҳима тоғи елкасидан босди. Шуҳрат, Жаннат қидирганлар
-
Ҳар гўшадан оқди тинмай тилсиз фарёд, Босган эди бало тоғи — зўр истибдод. Ғайратий
тоғ сўзи қатнашган жумлалар:
Бири боғдан келса, бири тоғдан келади
-
Шокир ота ўтирган жойида ҳассасини ерга дўқ этиб урди, темирчининг сўзидан норозилигини билдириб деди: — Мен боғдан гапирсам, сен тоғдан келасан. Ойбек, Танланган асарлар
Ишонган (ёки суянган) тоғи
-
Ойжамол ўзининг суянган тоғи деб билган Полвоннинг келишини ниҳоятда орзиқиб кутарди. Ж. Шарипов, Хоразм
-
Бугун ҳеч иккиланмай терим машиналари ва унинг механизаторларини пахта-корларнинг қатордаги нори, суянган тоғи, деса бўлади. Газетадан
Кўнглини (ёки кўксини, дилини) тоғ қилмоқ
-
Айниқса, мана бу ёшлар кўнглимни тоғ қилиб юборди. Р. Файзий, Чўлга баҳор келди
-
Кўксим тоғ этган — Ватан севгиси. Ё, Мирзо
Тоғни урса толқон қиладиган
-
Бу ёқдаги қазувчилар ҳам Ғуломжон, Барот полвон, Замон сингари тоғни урса толқон қиладиган азаматлар эди. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
Тоғ-тош (тоғ-у тош)
-
Бу сув тоғ-у тошни тўлдириб юрган қушлар, кавак-кандикларда истиқомат қиладиган жониворлардан ортмас. И. Раҳим, Чин муҳаббат
-
Беш кун чўлда, беш кун кўлда, тоғда-тошда — қаерда молга ўт бор деса, бориб қўнган одаммиз-да. Ёдгор
ТОҒ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
TOG‘ сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
тоғ сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар