ваҳима
билан улашинг
1. Ҳис-туйғу ва кайфиятнинг бузилиши; қўрқув босиш, хавфсираш, юракни ғулғула босиши натижасида юзага келадиган руҳий ҳолат, қўрқув ҳолати, руҳий безовталик.
-
кичкина дарчадан ваҳима билан мўралаб турган Бекажон-у Тўлғонойнинг мунгли кўзлари кўринади. С. Сиёев, Аваз
-
Онабиби бундан ҳеч хавотир оладиган нарса топмайди-ю, лекин яна қўли ишга бормайди, кўнглидан ваҳима аримайди. А. Мухтор, Чинор
-
Осмондаги жимир-жимир этиб турган сон-саноқсиз юлдузларга тикилгандагина киши ваҳимани унутарди. Э. Усмонов, Ёлқин
-
Серка/юр бутун сурувни ўз орқаларидан эргаштириб, худди бўри қувгандай, ваҳима ичида тўппа-тўғри жарликка қараб чопмоқда эди. С. Анорбоев, Оқсой
2. Ваҳимани қайд этувчи, ваҳима билдирувчи гап-сўз, хатти-ҳаракат ва шу кабилар
-
— Яна нима ваҳима?— деди. — Менга ишонмасангиз, мана, Муҳаммад Султон жанобларидан сўранг фитначилар бугун кечаси Сўзангарон дарвозасини Бобурга очиб бермоқчи эмишлар. П. Қодиров, Юлдузли тунлар
-
Ҳаҳ, ҳали гап шуми? Ваҳимангиз бор бўлсин, одамни қўрқитиб юбордингиз-а. К. Яшин, Ҳамза
-
Ҳали шунга шунча ваҳимами? Муштум
3. Шундай руҳий ҳолатга соладиган нарса, гап, манзара ва шу кабилар
-
Ўрмон қоронғилигининг ваҳимаси.
-
Кечаги ваҳималарни ўз кўзлари билан кўрган шоҳаншоҳлар бир-бирларига сездирмай, кечасининг ўзидаёқ қуён бўлиб қочиб қолган эканлар. Эртаклар
-
Кўчаларда аскарлар, ҳар ёқдан ғизиллаган ҳарбий машиналар кўп бўлишига қарамай, бу ердан урушнинг қора ваҳимаси оз сезиларди. Ойбек, Қуёш қораймас
4. Кўриниш, тузилиш ҳолати ваҳимали туюлувчи; баҳайбат, салобатли.
-
Ваҳимаси зўр.
-
Қоронғида ваҳима бўлиб кўринган тоғ унча баланд эмас экан. С. Кароматов, Олтин қум
-
Самолётга етдик. Эҳе, унинг ваҳимасини кўринг. Ҳ. Назир, Ёнар дарё
5. Ваҳимали гапларни кўп гапирадиган, бўлар-бўлмасга ваҳима қиладиган шахсга нисбатан қўлланади.
-
Ҳе, ваҳима бўпсан, укам. С. Анорбоев, Оқсой
6. айн Ваҳимали.
-
Бу ваҳима гапларни қаёқдан топасиз-а, бекам. Мирмуҳсин, Меъмор
7. Ваҳима босмоқ Ваҳима ҳис-туйғуси эгалламоқ.
-
Ваҳима босди, юрагини қўрқув тешиб, оёғидан мадор кетди. Ёшлик
-
Уни ваҳима босди, кўз олдидан аллақандай пажмурда гавдалар ўта бошлади. К. Яшин, Ҳамза
ваҳима сўзи қатнашган жумлалар:
Ваҳима касали
-
Пировардида йигитлар похолларга ўт қўйиб, душман тўдаси ичида ваҳима кўтардилар. Назармат, Жўрлар баланд сайрайди
Ваҳима солмоқ
-
Аллақаердан тун қушининг юракка ваҳима солувчи ҳорғин ноласи эшитиларди. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
Ваҳима тушмоқ
-
Душман сарбозлари рўпараларида қандайдир бир телба кимсага кўз ташлашиб, юракларига ваҳима тушди. Мирмуҳсин, Меъмор
Ваҳима қилмоқ
-
қозон тўла этга қараб, шунча гўштни ким ейди, дегандек ваҳима қилиб ўтиришар эди. К. Яшин, Ҳамза
-
Ваҳима қиладиган жойи йўқ. Арзимаган гап [деди Ҳожимат]. С. Аҳмад, Қадрдон далалар
-
[Марасул:] Аҳаджон ака, жуда қалтис иш-да бир чувингиз чиқса борми, бу ёғингиз — райком, у ёғингиз — прокурор-а! [Заргаров:] Э, ваҳима қилаверма! А. Қаҳҳор, Оғриқ тишлар
-
Ваҳима қилган Ҳожиматга бир ўқрайди-ю, яна чўкка тушди. А. Мухтор, Бўронларда бордек ҳаловат
Ваҳимага тушмоқ
-
Очил аканинг гапларидан Шермат ака нақ ваҳимага туша бошлади. А. Ҳайитметов, Шонли авлод
-
Ваҳимага тушган қўшин бирдан ўзини орқага ташлади П. Қодиров, Юлдузли тунлар
Ваҳимаси учмоқ
-
Чирманда бўғиқ гумбурлайди. Қўнғироқларнинг жарангидан ваҳиманг учади, гўё чирмандани одам чалмайди, қоронғи кечада мудҳиш жар ёқасида дев чалади. Ойбек, Танланган асарлар
ВАҲИМА сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
VAHIMA сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
ваҳима сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар