йиғиштир
билан улашинг
1. Ёйиқ, чочиқ нарсаларни бир жойга тўпламоқ; йиғмоқ.
-
Баъзилар зиналарга сочилиб қолган ғишт бўлакларини, кесакларни дарҳол йиғиштириб олиб ташлардилар. Мирмуҳсин, Меъмор
-
Солиҳ иш вақти тугашига икки соат қолганда нарсаларини йиғиштирди. О. Мўминов, Хиёбондаги уч учрашув
2. Йиғиб-териб олмоқ, (деҳқончилик, дала маҳсулотлари ҳақида).
-
Ақл-заковат билан иш тутиб, теримни нечоғлиқ тезлаштир-сак, ҳосилни шунча тезроқ йиғиштириб оламиз. Газетадан
-
Деҳқоннинг олтинпази пахта теради, соҳибкори узум узади, қовунчиси полиз йиғиштиради, молбоқари хашак жамғаради. Газетадан
3. Жам ҳолга келтирмоқ.
-
Кўчларингни йиғиштир! Аравани қўш! Қувага жўнагаймиз. П. Қодиров, Юлдузли тунлар
4. Ишлатилган, фойдаланилган нарсаларни ётган (турган) жойидан йиғиб олмоқ, ўрин-жойни тартибга келтирмоқ, тозаламоқ, саранжом-саришта қилмоқ.
-
Отабек киргизилган Ҳасаналининг уйи Ойбодоқ она томонидан тозагина йиғиштирилиб асбоб-жиҳозлар билан зийнатланган эди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Ташқари ҳовлида ҳамма уйларни йиғиштирдим, кўрпачаларни ҳовлига олиб чиқиб қоқдим. Ойбек, Танланган асарлар
-
У ёқ-бу ёғингни йиғиштир, меҳмон келади. С. Зуннунова, Янги директор
5. Тартибли ҳолатга солмоқ, эпақага келтирмоқ (ўзини ёки ўзидаги бирор нарсани).
-
Бошяланг, сочини яхшигина йиғиштириб қўйган. Ойдин, Ҳикоялар
-
Жувон рўмолини олиб ўради, этакларини йиғиштириб ўрнашиб ўтирди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
-
Қачондан бери сипо бўлиб қолдинг? Қизлардан гап кетса, оғзингни йиғиштириб ололмасдинг-ку! Шуҳрат, Шинелли йиллар
6. Бас қилмоқ, барҳам бермоқ.
-
Мен шотида ўтириб китоб ўқишни ҳам, овга чиқишни ҳам йиғиштириб қўйдим. Ш. Холмирзаев, Йўллар, йўлдошлар
-
Аҳмад иш топишдан умидини узиб, редакцияларга учрашни йиғиштириб қўйди. Ф. Мусажонов, Ҳиммат
йиғиштир сўзи қатнашган жумлалар:
Дов-дастгоҳни йиғиштирмоқ
Тахта-ўқлоғини йиғиштирмоқ
-
Повуркон (фабрика) моллари ҳамма ёқни тўлдириб, косибларнинг бозорини касод қилганлиги, иши чиппакка чиққан косиблар бирин-кетин тахта-ўқлоғини йиғиштираётганлигини тасвирлаб кетди. Ойбек, Танланган асарлар
Эсини (ёки эс-ҳушини) йиғиштирмоқ
-
Ҳамза эс-ҳушини йиғиштириб олиб, қоғозни буклоғидан ёзди-да, унга кўз югуртириб, шу сўзларни ўқиди К. Яшин, Ҳамза
-
Ёлғизжон аввал гумбурлаган овозни эшитди эсини йиғиштиришга уринди, аммо мадори етмади. Р. Раҳмон, Меҳр кўзда
Эс борида этакни йиғиштирмоқ (ёки ёпмоқ)
-
Шуни билиб қўйингки, ишларингизнинг охири вой! Тезда этагингизни йиғиштириб олинг! Ҳ. Ғулом, Тошкентликлар
ЙИҒИШТИР сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
YIG‘ISHTIR сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
йиғиштир сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар