боғ
билан улашинг
1. Мевали дарахт, ток ва гул билан банд ер майдони; мевазор.
-
Олма бот. Бахилнинг боғи кўкармас. Мақол.
-
Қиз ҳамон қўнғироқдек кулар, сокин боғ унинг шодон қаҳқаҳаси билан тўлган эди. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
-
Бизнинг юртда шу паллада токда узум, полизда қовун, боғда анор. Ойбек, Қуёш қораймас
-
Зарқишлоқ кўчаларида, адир ва сойларида, сердарахт боғларида кўклам намойиши кезади. С. Аҳмад, Уфқ
2. кўчма Гуллаб-яшнаб турган обод жой; гулшан.
-
Юрган ерларингиз боғ билан бўстон, Жонимни жонингга айлайин қурбон. Ой-сулув
-
Мактаб боғ бўлса, бола ниҳол бўлса, бу боғнинг боғбони, илм чароғбони ўқитувчидир. Газетадан
3. кўчма Суянчиқ, таянч, умид.
-
Фотиманинг суянган тоғи, ишонган боғи шу боғ, Турғунбой. Т. Ашуров, Оқ от
-
Кейин у, ягона ўғли, ишонган боғи, суянган тоғи Раззоқнинг айрилиқ дардини тортди. Ҳ. Ғулом, Машъал
4. кўчма Ҳаёт, турмуш; оила.
-
Тинч элнинг боғи гуллар. Мақол
-
Бу қиз [Бадиа] амирзодалардан бирининг боғини обод қилғуси. Мирмуҳсин, Меъмор
-
Севдим сени, боғим гули Тоза очилган чоғида. У. Исмоилов, Сайланма
5. кўчма Оғуш, олам; ўчоқ, маскан.
-
Шунда унинг хаёл боғида яна Адолатнинг чеҳраси кўринди. И. Раҳим, Чин муҳаббат
-
Эрка кўнглим эрк боғида яйрасин. Ғайратий
-
Ҳусн боғининг бу янги эркаси [Кумуш]. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Ҳаммамизга маълумки, мактаб билим-фаннинг, одоб-ахлоқнинг асосий масканидир, боғидир. Газетадан
6. кўчма Нариги дунё; жаннат.
-
Энди қолар тоғни эмас, борар боғни ҳам ўйлаш керак. С. Сиёев, Ёруғлик
боғ сўзи қатнашган жумлалар:
Боғи эрам
-
Севганим қошимда бўлса, менга чўл — боғи эрам. Ҳамза. Боғ кўча Шаҳардан ташқаридаги қўрғонлар, боғлар орасидан ўтган кўча.
-
Шербек боғ кўчага етганда, тўп-тўп, якка-якка бўлиб, клубга кетаётган таниш ҳамқишлоқларига дуч келди. С. Анорбоев, Оқсой
Боғ қилмоқ
-
Сафар бобо Янгиобод хўжалигига жойлашиб олгач, турли кўчатлар экиб, боғ қилди. Ўзбекистон қўриқлари
-
Тўғри, кенг кўчалар солдирамиз, ҳамма ёқни боғ қиламиз. Муштум
Истироҳат боғи ёки томоша боғ
-
Қишлоқнинг ўртасида маданият ва истироҳат боги бўлиб, бугун очилган канал унинг ўртасидан кесиб ўтар эди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
-
Салим билан Фазлиддин томоша боғда кезган сингари, секин-секин юриб, боғнинг ҳар жиҳатини кўздан кечира бошлади. Ойбек, Танланган асарлар
Ором боғи
-
Шаҳри Тилсимнинг қирқ дарвозаси бор. Қирқ ором боғи бор. Маликайи айёр
Ҳайвонот боғи
-
Ҳайвонот боғидаги ҳайвонларнинг тури ҳам, сони ҳам кўп. Муштум
-
Яқинда Термиз ҳайвонот боғида туғилган шер боласининг ҳаёти ўнгидан келмади. Газетадан
Бири боғдан (келса), бири тоғдан (келади)
-
Салкам бир соатдан бери дала шийпонида дув-дув гап бориб, бири боғдан келса, иккинчиси тоғдан келиб Хосият хола ҳақида баҳслашар эдилар. М. Муҳамедов, Ҳикоя ва шеърлар
Боғдан гапирса, тоғдан келмоқ
-
ман боғдан гапирсам, сен тоғдан келасан. Ойбек, Танланган асарлар
-
Боғдан гапирсанг, тоғдан келадурлар! А. Қодирий, Кичик асарлар
Узумини е, боғини суриштирма
-
Иўли шунақа, узумини енг-у, боғини суриштирманг. Муштум
1. Боғлаш учун хизмат қиладиган нарса ва унинг боғланган жойи, тугуни; боғич.
-
Чимилдиқнинг боғидан Сичқон қочди, ёр-ёр. Қўшиқлар
-
Амин нўхта боғининг қозиқда боғлиқ бўлганини кўрди-да, қиличини суғуриб, у билан ипни кесди. С. Айний, Қуллар
-
Атлас кийдим, боғин бойлайман, Сизга ваъда бердим, сўнгин ўйлайман. Қўшиқлар
-
Бу кўринган тоғлар Асқар тоғидир, Оёғимда тилла кишан боғидир. Оқ олма, қизил олма.
2. Тўплаб, дасталаб, белидан боғланган пичан, беда, похол, кўкат ва шу кабилар
-
Бир боғ буғдой. Бир боғ сабзи.
-
Қиз кимсан — Султоновга катта бир боғ ўтинни орқалатиб, олдига солиб келарди. М. Мансуров, Ёмби
-
Ғўза ўтоғига чиққан Ойшахон кечки пайт бошига бир боғ ўт қўйиб, уйларига қайтди. П. Қодиров, Эрк
-
Турғуной гапга аралашолмай, бедалар ичида бир боғ бедадай силкиниб борар эди. А. Қаҳҳор, Асарлар
боғ сўзи қатнашган жумлалар:
Оёқнинг боғи бўлмоқ
-
— Акам Қурбон бир оз эслироқ бўлгани учун, кўпинча ўз ўртоқлари билан кўчадан бери келмас, мен бўлсам онам оёғининг боғи, юрагининг доғи бўлиб, хархашадан бошим чиқмас эди, — деди Пўлат. Ғайратий, Ёшлигимиз
Оғзининг боғи қочмоқ
-
Оғзининг боғини қочирган Мараҳим яна кўп ёлғон-яшиқларни айтиб чарчади. Ш. Ризо, Қор ёғди, излар босилди
БОҒ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
BOG‘ сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
боғ сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар