даража
билан улашинг
1. Иш-ҳаракат, хусусият ёки ҳолатнинг меъёри, чегарасини англатади; кўпинча аниқловчилар билан ишлатилади.
-
Трактор қулоқни қоматга келтирадиган даражада тариллаб ишлайди. Э. Усмонов, Ёлқин
-
Одамлар уйни бошларига кўтарар даражада хандон ташлаб, қаттиқ кулдилар. С. Айний, Эсдаликлар
-
Отабек қизиқ ҳолатда қолди, бир турли титраб кетди, кўзлари қинидан чиқар даражага етди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Томоғи қирилар даражага етди. Шарқ юлдузи
-
Улар [суратлар] орасида мукаммал даражага етганлари ҳам оз эмас. М. Хайруллаев, Тилла маржон
-
Унинг хотираси ҳайратда қоларли даражада бой ва тиниқ эди. Газетадан
-
Дарсларнинг осон-қийинлик даражасини ўқувчининг ўзи аниқ-лагани яхши. Фан ва турмуш
-
Боланинг йиғиси бу мотамсаро муҳитда юракларни тилка-пора қиларли даражада аянчли эди. Ф. Мусажонов, Ҳиммат
-
Унга шу даражада пул ваъда этилган эдики, бу пулга уч арава сотиб олиш мумкин эди. Мирмуҳсин, Меъмор
2. Тадрижий ёки нисбий тараққиёт, ривожланиш поғонаси; савия, юксаклик ўлчами.
-
Билим даражаси. Турмуш даражаси. Техниками ҳозирги замон талаблари даражасига кўтармоқ.
-
Бўш вақт ишлаб чиқариш кучларининг тараққиёт даражасига боғлиқ бўлиб, ўзи бу тараққиётнинг бевосита натижаси ҳисобланади. Фан ва турмуш
-
Фан ва техника, саноат шу даражада тез тараққий этяптики, уни товуш эмас, ёруғлик тезлиги билангина қиёслаш мумкин. Газетадан
3. эскирган Мансаб поғонаси, рутба, мартаба.
-
Анвар бош муншийлик даражасини олгандан кейин, махдум илгариги сиёсат ни давом эттириш ва эттирмаслик тўғрисида иккиланиб қолди. А. Қодирий, Меҳробдан чаён
-
Зарбоф тўн кийган, белига тилла камар боғлаган серсоқол эшикоға биринчи вазир даражасидаги катта бек эди. П. Қодиров, Юлдузли тунлар
4. Илм-фан соҳасидаги ишлари учун маълум қоидалар ва талаблар асосида бериладиган илмий унвон.
-
Илмий даража. Фан номзоди даражаси. Фан доктори даражаси.
-
Илмий кенгаш кашфиётимни кўриб чиқиб, яхши баҳолабди ва менга медицина фанлари доктори даражасини беришга қарор қилибди. Х. Тухтабоев, Ширин қовунлар мамлакати
-
Шу куни Умиднинг қилмоқ хўжалик фанлари номзоди даражасини олиши учун берилган яширин овоз натижаси эълон қилинди. Мирмуҳсин, Умид
5. Ўз ихтисоси бўйича эришилган малака поғонаси.
-
Урта даражадаги тиббиёт ходимлари. Бешинчи даражали пайвандчи.
6. Жамиятда, ҳаётда, кишилар ўртасида тутган ўрин, мартаба, эътибор.
-
Даражалари баланд бўлсин! (дуо, яхши тилак)
-
Ҳар ким ўз даражасига кўра ҳар вақт ўтирадиган ўрнида қарор топди. Ойбек, Навоий
-
Ҳовли юзига тўшалган шолча ва кигизларда иккинчи даражадаги одамлар ўтириши керак эди. П. Турсун, Ўқитувчи
-
У ўтирганлар билан уларнинг амал ва даражаларига қараб, куюк-суюқ кўришиб чиқди. С. Аҳмад, Қадрдон далалар
7. Сира, карра, бор, марта.
-
Ўтиришдилар, фотиҳадан сўнг яна бир даража аҳвол сўрашилди. А. Қодирий, Меҳробдан чаён
-
Даҳшати юз даража ортган ҳолда Кумушни кўтариб олиб, ичкарига кирди. А. Қодирий,
-
Онасининг лутф қилиб айтган сўзлари Бобурнинг ҳужрадан олган завқини яна бир даража оширди. П. Қодиров, Юлдузли тунлар
8. Бир оз, озгина, андак.
-
Ҳожи шу жавобдан кейин ўғлидан бир даража қаноатланди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Биз юқорида ёш Хушрўй билан ўқувчини бир даражада таништирган эдик. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Анвар., яхшигина форсихон ва бир даражада араб тилига ошна эди. А. Қодирий, Меҳробдан чаён
9. мат. Бурчак ва айлана ёйининг ўлчов бирлиги; тўғри бурчакнинг 90 дан бир ёки доиранинг 360 дан бир бўлаги; градус.
-
70 даражали бурчак.
10. физика Термометр, барометр ва шу кабилар ўлчов асбоблари шкаласидаги чизиқлар ва рақамлар билан белгиланган бўлимлар ҳамда шу бўлимлар ифодалайдиган ҳарорат миқдори.
-
Сув 100 даражада қайнайди. Бугун совуқ 20 даражага етган. Касалнинг иситмаси 38 даражадан ошибди.
-
Ҳарорат ҳозир қирқ даражадан тушяпти. Н. Сафаров, Оловли излар
-
Умуман бактерия 160-180 даража иссиққа чидайди. Фан ва турмуш
11. мат. Тенг кўпайтувчиларнинг кўпайтмаси, бир соннинг ўзини ўзига кўпайтиришдан олинган натижа.
-
Ўннинг иккинчи даражаси юз.
12. тилшунослик Белги-хусусиятнинг ортиқ-камлигини ифодаловчи грамматик категория, шакл.
-
Сифат даражалари. Озайтирма даража.
-
Даража категорияси мақолачасида сифат даражалари бош даража, орттирма даража, озайтирма даража, деб учга бўлинади. ЎТА
ДАРАЖА сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
DARAJA сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
даража сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс Bing