давр
билан улашинг
1. Жамият тараққиёти-да ёки табиатда муҳим воқеа, ҳодиса юз берган ёки ўзига хос хусусияти билан ажралиб турадиган маълум вақт оралиғи.
-
Қулдорлик даври. Феодализм даври. Капитализм даври. Бозор иқтисодиётига ўтиш даври. Тош даври. Темир даври.
-
Ўзбекистон олимлари олиб бораётган археологик қазишмаларнинг тарихий диапазони тош давридан то ўрта аср охиригача бўлган даврни ўз ичига олади. Газетадан
-
Қанча даврлар ўтса ҳам, бўёқлари худди бугун сурилгандай яп-янги турган бу ажойиб бинолар Бобурнинг қалбидаги зафар завқига завқ қўшди. П. Қодиров, Юлдузли тунлар
-
Бунинг устига ўша давр тарихчилари Темур забардаст, хийла чиройли одам бўлганини ёзиб қолдирганлар. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
2. Тарихда бирор шахс ёки кишилар гуруҳи, сулоланинг номи билан боғланган вақт, замон.
-
Темурийлар даври. Навоий даври.
-
Бобур Мирзонинг орзулари шулким, Мовароуннаҳр яна Улуғбек давридаги каби бирлашса, пойтахт аслига қайтса П. Қодиров, Юлдузли тунлар
3. Шахс ҳаётидаги маълум вақт.
-
Ёшлик даври. Талабалик даври.
-
Холиданинг ёшлик даврида аёлларнинг кўзи кўр эди, тиканни кўрмасдан босарди. И. Раҳим, Чин муҳаббат
-
Ўтган ярим асрли мураббийлик даврим мен учун ҳам катта ҳаёт дарсхонаси бўлди, кўп нарса ўргандим. Газетадан
-
Офтоб ойимнинг: нега қирқ кокил қилиб ўрмайсан деган сўрашига: Қизингиз энди қизлик давридан ўтиб, келинлик даврига кирди, деб кулди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
4. Бирор бир авлод яшаган ёки яшаётган вақт; айни яшаб турилган вақт, замон, замона. Ўз
-
даврининг ҳар йирик воқеаси Ойбек ижодида ёрқин аксини топди. Газетадан
-
Давримиз ҳар бир соҳани комплекс равишда ҳал этишни тақозо этяпти. Газетадан
-
Чўлқуварлар ва қаҳрамонлар давр баҳодирларидир. Ўзбекистон қўриқлари
-
Бадиийлик ва янгидан-янги эстетик кашфиётлар яратишимизни давр тақозо этмоқда. Газетадан
-
Ўқиш керак, давр билан бирга бориш керак. Ўзбекистон қўриқлари
-
Давр тараққиёти институт олимлари ва мутахассислари олдига янги-янги вазифалар қўймоқда. Газетадан
5. Бирор иш-ҳаракат, тадбир бажариладиган муайян вақт.
-
Ҳисобот даври.
-
Ғўза парваришининг қизғин даври. Ҳар соат ғанимат. Р. Файзий, Чўлга баҳор келди
-
Ҳисобот даврида йигит-қизларнинг асосий диққат-эътибори пахтачиликни ривожлантиришга, унинг самарадорлигини оширишга қаратилди. Газетадан
6. Маълум ҳодиса, воқеа, жараёнда ўзгариш содир бўладиган муддат.
-
Ўсимликларнинг ўсиш даври.
-
Биз аввало ўсимликларнинг ўсиш даврини қисқартириш ва ҳосилдорликни оширишга эришдик. Фан ва турмуш
-
Ҳосил тугиш даврида ғўзани чеканка қилиш муҳим агротехник тадбирлардан бири ҳисобланади. Газетадан
-
Буқоқнинг айни авж олган даври экан. И. Шамшаров, Зиёлилар
7. махе. Такрорланувчи жараён ёки хоссаларнинг ҳар бир такрорланишида унинг бошланишидан то охиригача ўтадиган вақт.
-
Битта тўла тебраниш учун кетган вақт давр деб аталади. Физика курси
-
Календар Қуёш, Ер, Ой ва Юпитер сайёраси ҳаракатининг астрономик даврларига асосланиб тузилган. Фан ва турмуш
-
Қаторнинг, элементлар хоссасининг изчиллик билан ўзгаришини ўз чегараси ичига олган қисмини Менделеев давр деб атади. Кимё дарслиги
8. геол. Геологик системани ташкил қилувчи тоғ жинсларининг ҳосил бўлишига кетган вақт.
9. Кишининг омади келган, иши юришган чоғлар; роҳат-фароғатли замон.
-
Ҳозир бизга давр келган вақт. Давримизда ўйнаб олайлик.
-
Давримизда юравермайсизми, дўстим, бир кишини қанотимиз тагига ололмасак, нима қилиб юрибмиз. Муштум
-
Қўлингдан кетмасин давринг, давронинг, Ойдин кўлга қушинг чуйгин, Авазжон. Авазхон
-
ҳозир сизларнинг даврингиз, қўлингиздан келганини бизнинг ҳаққимиздан аяманг. Бир кун яна бизнинг давримиз келар. С. Айний, Қуллар
-
Гул юзимга, буви, мунча термулдинг, Уларнинг даврида ўйнадинг-кулдинг. Эрали ва Шерали
давр сўзи қатнашган жумлалар:
Давр сурмоқ
-
Давр келса, ур, бегим, даврон келса, сур, бегим. Мақол
-
Хўп подшолар давр сурган эканлар-да, а! П. Турсун, Ўқитувчи
-
Давр сурмоқчи бўлди, Бек бўп турмоқчи бўлди. Ойсулув
-
Отанг подшо, сен қадимдан тўрасан, Олтмиш тўрт йил бўлди — давринг сурасан. Эрали ва Шерали;
-
Оқ эшон Худоёрхон вақтида хўп давр сурди. К. Яшин, Ҳамза
-
Шу кишининг орқасидан давр суриб юрибмиз, ахир. Муштум
-
Василий қишлоққа янги келган пайтида Асқар мулланинг давр сурган пайти эди. С. Зуннунова, Олов
Даври фалак
ДАВР сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
DAVR сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
ДАВР сўзининг синонимлари
Синонимларни кўриш учун рўйхатдан ўтингФойдаланувчилар томонидан ДАВР сўзига берилган маънолар
давр сўзига янги изоҳ қўшинг
Олдинги 10 та сўз
Кейинги 10 та сўз
давр сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс Bing