ҳақ
билан улашинг
1. Ҳақиқий ҳолатга мос; ҳаққоний, рост.
-
Ҳар замон ҳақ гап, тўғри деган товушлар эшитилар, қарсак кўтарилар эди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
-
Ҳақ гапни гапирдингиз, амирзодам, жуда ҳақ! Она рози — худо рози!. П. Қодиров, Юлдузли тунлар
-
Ҳаққин айтсам, ота-энам ҳозир бор. Эрали ва Шерали.
2. Ҳақиқий ҳолат; ҳақиқат.
-
Ҳақ жойига қарор топди.
-
Шўх, ерга урса булутга сакрайдиган, ҳаққа бўйин эгиб, ноҳаққа сакраб кетадиган Сарсенбойнинг ор-номуси зўр эди. Р. Файзий, Ҳазрати инсон
-
Гулзор-у вайрона, ханжар-у андава, ҳақ-у ноҳақ ёнма-ён турибди. Мирмуҳсин, Меъмор
-
Ҳақиқат эртакка эврилур эрта, Эртага афсона ҳаққа дўнади. Шарқ юлдузи
3. Шахс билдирувчи сўзлар билан қўлланиб, ҳақиқатнинг шу сўз билдирган шахс томонида эканини билдиради.
-
Мен ҳам, Султонов ҳам ҳақ бўлиб чиқди. Ш. Рашидов, Бўрондан кучли
-
Маҳкам Зикир билан тўқнашувда ўзининг ҳақ эканлигига ишончи комил. П. Қодиров, Уч илдиз
-
Ҳар касбдаги одамлар хат ёзишибди-ю, аксарияти Собирни ҳақ, хотинини ноҳақ деб кўрсатишибди. Р. Файзий, Чўлга баҳор келди
4. Бирор нарса, иш-ҳаракат учун қонуний бўлган, талабга, тартиб-қоидага тўғри келадиган асос, эрк-имконият; ҳуқуқ.
-
Унинг пенсия олишга ҳақи бор. Сизни алдашга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.
-
Раиснинг ғурурланишга ҳақи бор. Пахта — ўзбек халқининг миллий ифтихори. Н. Сафаров, Оловли излар
-
Аҳмад ҳали ўзини Раҳим акалар қаторига қўшишга ҳақи йўқ деб ҳисоблар, хиралик қилмай, ўзини четга олиб юрарди. Ф. Мусажонов, Ҳикмат
-
Музаффар зотларга мотам ножоиз, уларнинг ҳаққидир фақат ифтихор. А. Орипов, Юртим шамоли
5. Ҳуқуқ, қонун ва шу кабилар юзасидан бирор кимса ёки нарсага тегишли ҳисса, тўланадиган ёки олинадиган нарса.
-
Электр ҳақи. Квартира ҳақи.
-
Кўринишидан шундай мўмин, гўё бузоқнинг ҳақи бор, деб сигирнинг сутини ичмайди. П. Турсун, Ўқитувчи
-
Миша, берган сутим ҳақи қутқар, ўламан! Муштум.
-
Завод Ғиёсиддин тилмочнинг номига ўтган, оқсоқолнинг унда энди қонуний ҳақи йўқ.
-
С. Аҳмад, Ҳукм
6. Иш, меҳнат, хизмат эвазига олинадиган пул ёки бошқа нарса.
-
Хизмат ҳақи. Иш ҳақи.
-
Акамни шунча йил ишлатиб, ҳақини бермадингиз. Ойбек, Танланган асарлар
-
Очдан ўлмаслик учун эртадан кечгача кир ювиб, ҳақига бир коса кепак олиб, нон қилиб еган. П. Турсун, Ўқитувчи
-
Одамларни ишлатиб ҳақ тўлаш, иншоот учун ғишт-у ганч, ёғочларни келтириш унинг зиммасида. Мирмуҳсин, Меъмор
7. дин. Худо, оллоҳ, тангри, парвардигор (худонинг сифатларидан бири).
-
Ҳақ таоло.
-
Боргин, эмикдошим, ҳаққа топширдим! Алпомиш
-
Оҳ тортсам, тўкилар кўзимнинг ёши, Ҳақ! деб чиқар ғамли қулнинг товуши. Рустамхон
8. (3-шахс эгалик шаклида — ҳақи, ҳаққи) Бирор гап, фикрнинг ўзи боғланиб келган сўз англатган шахс, нарса ва шу кабиларни ўртага қўйиб айтилаётгани маъносини билдиради.
-
Қўйинг! Худо ҳақи, тегманг! Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
-
Мана шу Қуръон ҳақи, йўлдан озганларни қатл қилиш савоби азимдир. Ҳ. Носирова, Мен ўзбек қизиман
-
Муқаддас замон ҳаққи, ёқа тутиб айтаман: Қанийди куйлайверсанг ҳамиша бахтни тўлиб. А. Орипов, Юртим шамоли
9. кўм. (эгалик ва ўрин-пайт келишиги шаклида — ҳақида) взф. Қаратилганлик муносабатини билдиради; тўғрисида, тўғрида.
-
Пахта планининг бажарилиши ҳақида маълумот. Об-ҳаво ҳақида маълумот. Мажлисда сен ҳақингда яхши гаплар айтилди.
-
Фронт газетасида Ҳасанов ҳақида ёзилган бир хабар ҳамиша чўнтагимда. Т. Рустамов, Мангу жасорат
ҳақ сўзи қатнашган жумлалар:
Ҳақ деб
-
Уйга келса-ю, кўча эшикда ҳақ деб ўтирган раҳматлик онасига йўлиқса, она унга савагич олиб югурса, нима бўларди?! Р. Файзий, Ҳазрати инсон
-
Фашистнинг снайпери ҳам қудуқни нишонга олиб, тун-кун ҳақ деб кутарди. Т. Рустамов, Мангу жасорат
ҲАҚ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
HAQ сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
ҳақ сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар