ҳаром
билан улашинг
1. дин. Шариат ҳукмига мувофиқ ейиш, ичишга, фойдаланишга ярамайдиган, ҳалол эмас.
-
Эшакнинг кучи ҳалол, гўшти ҳаром деганларидек
-
У Ашир билан қўл бериб сўрашишга ҳазар қилибди. Чунки Ашир чўчқабоқар-да! Балки чўчқа шариатда ҳаром махлуқ ҳисоблангани учун ундан ҳазар қилгандир. С. Анорбоев, Оқсой
2. Шариат бўйича, анъана ёки тартиб-қоидаларга кўра ман этилган иш, хатти-ҳаракат; шу йўл билан топилган нарса; ҳаётида шундай йўл тутувчи кимса.
-
Тўғри бўл, ҳаромдан ҳазар эт, дегансиз. Йиғлаб турган ғарибнинг ёнига кир, кўнглини ол, дегансиз. С. Сиёев, Аваз
-
Жиноятчилик йўли билан топган ҳаром пулингиз ҳисобига еган овқатларимиздан ҳали ҳам ўқиб юрибмиз. Муштум
-
Шунақа ҳаром одамлар ўз эгаларига яхши хизмат қиладилар Мирмуҳсин, Меъмор
3. сўзлашув тили Жинсий муносабатдан сўнг ғусл қилмаган, чўмилмаган.
4. Фойдаланиш мумкин бўлмаган, эсиз кетган нарсаларга нисбатан қўлланади.
-
У бу мажлисга Саидғози билан бирга кечалари уйқусини ҳаром қилиб тайёрланди. С. Анорбоев, Оқсой
-
ё ҳафтада бир келадиган дам олиш кунини ҳам ҳаромга чиқариб, бозор-ўчар қилсинми? Т. Алимов, Ишқилиб, ўқимаган бўлсин-да
-
Энди бу ерлар бизга ҳаром бўлибди, Бу араб юртида бизга нима бор? Баҳром ва Гуландом
ҳаром сўзи қатнашган жумлалар:
Ҳаром ўлмоқ
-
Қўйчивон кўп бўлса, қўй ҳаром ўлади. Мақол
-
Отамнинг Чемберлен деган эчкилари бор эди, ҳаром ўлай деганда, бўғзига пичоқ тортиб юборганлар. С. Аҳмад, Ҳукм
Ҳаром қилмоқ
-
Кел, қутурган итлар ҳаром қилмасдан туриб, шу тоза юзларингдан охирги мартаба ўпай! Ҳамза, Бой ила хизматчи
-
Қизишманг! Табаррук қиличингизни бу ифлоснинг қони билан ҳаром қилманг! Уйғун ва И. Султон, Алишер Навоий.
ҲАРОМ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
HAROM сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
ҳаром сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар