ҳукм
билан улашинг
1. ҳуқуқ Суд, ҳуқуқий маҳкама ёки шахснинг жиноий иш юзасидан чиқарган узил-кесил, қатъий қарори; шунингдек, бирор иш юзасидан бўлган ажрим хулосаси, қарори.
-
Ижобий ҳукм. Салбий ҳукм. Қатъий ҳукм. Қозининг ҳукми. Ҳукмни ижро этмоқ.
-
Сидиқжон суднинг ҳукмидан жуда хурсанд бўлди-ю, лекин Шарофатнинг шикоят қила олиш ҳуқуқидан хавотирга тушди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
-
Ҳозир Николайнинг фуқаросиман, хонингнинг ҳукми ўтмайди менга С. Сиёев, Ёруғлик
-
— Бизни кимнинг ҳукми билан ўлдирмоқчи бўлаётирсиз? — деди хатирчилик банди миршаб одамига. С. Айний, Қуллар
-
Фақат айблов ҳукми билан судланувчи айбдор деб топилади ва жазога тортилади. ЎзМE
2. Умуман, бир иш, масала юзасидан бўлган, хулоса тарзидаги фикр; қарор.
-
Баротнинг ҳаққоний сўзи, ҳукми мингбошини ерга киргизиб юборди. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча.
-
Отанинг ҳукми вожиб, унинг иродасига бўйсунмай иложи йўқ. С. Сиёев, Отлиқ аёл
-
Эргаш Соттининг бугунги кирди-корини кўпчилик ҳукмига ташламоқчи бўлса ҳам, гапни нимадан бошлашни билмай ўйланиб қолди. И. Раҳим, Чин муҳаббат
3. Киши ёки нарсанинг бирон иш қилиш изм-ихтиёри (тўғри ва кўчма маънода).
-
У ҳозир жувоннинг ҳукмида бўлиб, унинг хоҳишига қарши ҳеч нарса деёлмас эди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
-
Сенга зулм қилган шу икки оғанг сенинг ҳукмингда! Олтин бешик
-
Ер-сув, бошқа моддий бойликлар бир тўда бойлар ҳукмида бўлган Н. Сафаров, Оловли излар
-
Оёқдан ажралган пайтимда, умр йўлдошим мени тақдирнинг аччиқ ҳукмига ташлаб жўнаб қолганда, мен нима қилмоғим керак? С. Кароматов, Бир томчи қон.
4. кўчма Буйруқ, амр.
-
Сенинг ҳукминг ўтмайди.
-
Шу кемачи қўрқиб, бўзариб Деди Омон ёнига бориб: — Дарё теран, таёв етмайди, Сувга, ўғлим, ҳукм кетмайди. Э. Раҳим
-
Дин ва олтин ҳукм ила, Кўп уй бузилди. Ҳисобсиз маъсум бошлар Тандан узилди. Ғайратий
5. мнт. Нарса ва унинг белгиси ҳақидаги тасдиқ ёки инкор мазмунли фикр.
6. эскирган, айнан Кесим 3.
ҳукм сўзи қатнашган жумлалар:
Ҳукм қилмоқ (ёки этмоқ)
-
халқ суди Собир Сайдаровни ўн беш йил, Мирзажоновни ўн йил қамоқ жазосига ҳукм қилди. Газетадан
-
Суд Насибалини Сидиқжон Соҳибжоновга ҳукм қилди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
Ҳукм юритмоқ
-
Эҳтимолки, унинг топган давлати ўғрилик орқасидадир, кишининг давлатига қараб ҳукм юритиш қийин. А. Қодирий, Ўтган кунлар
Ҳукм қилмоқ
-
Бу ҳам ўшалардан бўлса керак — ҳукм қилди ўзича чол. Ҳ. Ғулом, Машъал
-
Бу нарсага олдиндан ҳукм этиш тўғри эмас, ҳар бир иш оллонинг буйруғи билан бўлади. Ойбек, Танланган асарлар
Одат ҳукмига кирмоқ
-
Уйқу ва ҳаловатнинг баҳридан кечиб, ҳар бир туп ғўзани хатосиз ундириб олиш Қурбонали полвон звеносида одат ҳукмига кириб қолди. Н. Сафаров, Танланган асарлар
Ҳукм сурмоқ
-
Бобурнинг Туркистон ва Афғонистонда яшаган ва ҳукм сурган вақтида ёзган шеърлари Париждаги миллий кутубхонада мавжуд экани аниқланди. ЎТА;
-
Бемор кўзини очган маҳал хонада сокинлик ҳукм сурарди. Ж. Абдуллахонов, Орият
-
Уйда ғалати бир тантана ҳукм сурарди. С. Зуннунова, Янги директор
Ҳукмини ўтказмоқ
-
Мен валийман, деб подшоҳларга ҳукмини ўтказиб, жуда катта бойлик орттирган эди. П. Қодиров, Юлдузли тунлар
-
Ҳозир энг қизғин палла бошланмоқда —
-
баҳор ўз ҳукмини ўтказишга киришмоқда. Газетадан
ҲУКМ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
HUKM сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
ҳукм сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар