кўра
билан улашинг
1. Кўрмоқ феълидан равишдош.
-
Мени кўра ўрнидан турди.
-
— Ўз роҳатимни кўзлаб, сизнинг ошингизни кутиб қолсам, беш кишини, кўра-била туриб, оч қўйган бўламан, — деди Отабек. А. Қодирий, Ўтган кунлар
2. кўм. (ж. к. билан) Сабаб, асос муносабатини билдиради; асосида, мувофиқ, биноан.
-
Шунга кўра. Таомилга кўра.
-
Тузилган битимга кўра, Абдулатиф Самарқандга юборилди. Мирмуҳсин, Меъмор
-
Отам, ўз касбининг тақозосига кўра, умрининг кўп қисмини сафарларда ўтказган одам. Шукрулло, Жавоҳирлар сандиғи
3. кўм. (ч. к. билан) Қиёс, таққослаш муносабатини билдиради; нисбатан, қараганда.
-
Сиз буни мендан кўра яхшироқ биласиз. Ундан кўра бу яхшироқ.
-
Пештахталар олдида харидордан кўра кўпроқ уймалашган сотувчилар тилларидан бол томиб, молларини таърифлашади. Н. Аминов, Суварак
-
Масала у ўйлаганидан кўра чуқурроқ кўринарди. Ф. Мусажонов, Ҳиммат
-
Меъмор ҳатто ўз ўғли Низомиддиндан кўра ҳам Завракнинг гапларига ишонарди. Мирмуҳсин, Меъмор
1. Тунука-темирдан тарнов шаклида ясалган, кабоб пишириладиган асбоб.
-
Дошқозонлардаги жажжи гумбаздай сап-сариқ паловнинг, кўкиш тутун чиқиб турган кўралардаги сихкабобнинг ҳиди ҳамма ёқни тутиб кетган. С. Сиёев, Аваз
2. Писта кўмир тайёрланадиган чуқур.
3. Темирчи ва заргарларнинг металл эритадиган ўчоғи.
-
Темирчидан бир кўра билан дам сўраб олди. Шарқ юлдузи
-
Мана, отанинг лойдан ясалган тўрт бурчакли кўраси, ўчоқдаги кўмирга ҳаво берувчи, эчки терисидан ясалган дами устахонадан жой олган. Газетадан
4. Зийнатли чинни идиш; ваза.
-
[Зумрад] Деворларнинг нақшини томоша қилди, кўралар ва ипак гиламларни бир-бир кўздан кечириб, ажабланди. Ойбек, Улуғ йўл
-
Сиртига турли афсонавий қуш ва ҳайвонларнинг суратлари солинган чинни кўралар, идиш-оёқлар токчаларга тизилган. М. Осим, Карвон йўлларида
5. шева Тунукадан ишланган, оғзи каттароқ жўмраксиз обдаста.
-
Бола кучи етса — челак судраб, етмаса — кўра кўтариб, саҳнга сув сепар эди. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
Тошлоқ, қум-шағалли ерларда сувни тортиб кетадиган ғовак жой; ўпқон.
-
Даштдаги боғбон суғориш палласи кечаси-ю кундузи шундай кўралар оғзини беркитиш билан банд бўлади. А. Ибодинов, “Латофат дўконидаги қатл
-
Боғбонлар кўра деб атайдиган, кулдиргичга ўхшаш бундай тешиклардан шағал ўпқони бир зумда бир тегирмон сувни ютиб юборади. А. Ибодинов, Латофат дўконидаги қатл.
КЎРА сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
KO‘RA сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
кўра сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар