ковла
билан улашинг
1. Ичига қараб ўймоқ, ўйиб чуқур қилмоқ, қазимоқ.
-
Ариқ ковламоқ. Ўра ковламоқ. Қудуқ ковламоқ.
-
Ғуломжонлар шу бир неча кун ичида унгурни уч қулочдан ортиқ ковлаб қўйдилар. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
-
Ўзинг ковлаган гўрга ўзинг кир! Н. Сафаров, Танланган асарлар
2. Ковлаш асбоби воситасида ёки бошқа йўл билан ердан, тупроқ ичидан чиқариб олмоқ, қазиб олмоқ.
-
Картошка ковламоқ. Кўмирни ковлаганга ёқтир, молни миришкорга боқтир. Мақол
-
Тўнкаларни ковлаб, бир чеккадан ёрилса, талай ўтин беради. Ойбек, Танланган асарлар
3. Бармоқ ёки бирор нарса тиқиб тозаламоқ.
-
Самовар тагини ковламоқ.
-
Маматурди қора, синчалоғи билан ўнг қулоғини бир ковлаб олгач уйидан чиқади. Чўлпон, Кеча ва кундуз
-
Ковлаб турмасангиз, чўғни ҳам кул босади. Қанотли сўзлар
4. Бирор нарса билан остин-устин қилиб ағдармоқ, айлантирмоқ.
-
Ўтни ковламоқ. Қозондаги овқатни ковламоқ.
-
Бир девона гулхан теварагидан айланиб, қўлидаги косови билан тўрт томондан ковлар эди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
5. с. т. айн. Ковлаштирмоқ.
-
Ўтни ковласанг — ўчар, қўшнини ковласанг — кўчар. Мақол
-
Менинг фуқаром бир ота, бир онанинг болаларидай иттифоқ, бир-бирини ковлашни бошайди. П. Турсун, Ўқитувчи
-
Ҳадеб бузилавергандан кейин у ёғини ковлайди, бу ёғини ковлайди, хуллас, ичида нимаси бўлса, барини билиб олади. С. Аҳмад, Тоғ афсонаси
6. Қўл солиб қидирмоқ, ахтармоқ, титкиламоқ.
-
Ғуломжон гадойнинг бўш, очиқ қўлига бир нарса ташлаш учун чўнтакларини ковлай бошлади. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
-
Аёл сакраб пастга тушди-да, сумкасини ковлаб, пул қидира бошлади. С. Аҳмад, Уфқ
7. кўчма Миридансиригача текширмоқ, суриштирмоқ, кофтуков қилмоқ.
-
Ота-бувамни ковлаб, газетага уриб чиқишди. Ш. Ризо, Қор ёғди, излар босилди.
-
— Ҳамма нарсага разм солиб, ковлаб юрасан-а, писмиқ! — жеркиб ташлади [Гулнорни] Нури. Ойбек, Танланган асарлар
ковла сўзи қатнашган жумлалар:
Гап ковламоқ (кавламоқ)
КОВЛА сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
KOVLA сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
ковла сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар