қол
билан улашинг
1. Бошқа жойга кетмай, бор-май, жилмай, қўзғалмай, ўз жойида бул-мох; жойини тарк этмаслик.
-
Уйида қолмоқ. Кутубхонада қолди. Биз бу йил ҳам қишлоқда қолдик.
-
Отамлар бу ерда қолмоқчилар, сардоба қуришни ўйлаяптилар Мирмуҳсин, Меъмор
-
Мажлис бўлган жойда ўша гапирган одам-у яна бир неча киши қолди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
2. Бор, мавжуд ҳолатда бўлмоқ; бор (инкор шаклида йўқ ҳолатни, йўқ эканликни билдиради).
-
Ёнимда юз сўм қолди. Уйда кўк чой қолмабди. От ағанаган ерда жун қолар. Мақол
-
Келгуси асрга икки қадам-гина йўл қолди. С. Аҳмад, Юлдуз
-
Қўқондан бошимни олиб чиқиб кетишдан бошқа чорам қолмаган менинг, ака! К. Яшин, Ҳамза
3. Бирор ҳолат, вазият, макон (жой) ва шу кабиларда мавжуд бўлмоқ
-
Ёлғиз қолмоқ. Жим қолмоқ. Виждон азобида қолмоқ. Оч қолмоқ. Иш чала қолди. Қуршовда қолмоқ.
-
Фашистларнинг ўқ, ханжари-ла Талай ёшлар қолди бепадар. Ғайратий
-
Содиқ жияним, башарангми, дўлда қолган таппими? А. Қодирий, Ўтган кунлар
4. Ишлатиш, фойдаланиш ва шу кабилардан холи бўлиб сақланмоқ, ортмоқ; шу тариқа кейингилар ихтиёрига ўтмоқ, мерос бўлмоқ.
-
Бу иморат отангиздан қолган бўлса керак? А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
-
Бир парча ер ҳаммадан қолади, ўғлим. Ҳеч ким қабрига орқалаб кетмайди. Ойбек, Танланган асарлар
-
Ота-боболардан қолган удум бу, қизим. К. Яшин, Ҳамза
5. Дахл этолмаслик, етишолмаслик, эришолмаслик.
-
Ўзимам қизиқман-да, шу ёмғирдан қўрқиб, мактабдан қолиб ўтирсам. Э. Раимов, Ажаб қишлоқ
-
Элдан қолгунча эрдан қолган яхшироқ, деб шуни айтса керак-да. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
-
Иссиқ, юмшоқ пахта қоплар, араванинг бешик сингари тебраниши кеча уйқудан қолган Ғуломжонни элитди. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
6. Барҳам топмоқ, йўқ бўлмоқ.
-
Шўхликлари қолди. Аввалги йўталишлари қолди. Ишонч қолмади. Сабр-тоқат қолмади. Юришга мадори қолмади.
-
Сурмахон, палапартишлигингиз сира ҳам қолмади, қолмади-да! Б. Раҳмонов, Юрак сирлари
7. Масофа, вақт нуқтайи назарида бўлмоқ, бор бўлмоқ.
-
Шаҳарга яна ўттиз километр (йўл) қолди. Поезд жўнашига бир соат қолди.
8. Сақланмоқ, омон қутулмоқ.
-
Юз ўлимдан қолганман.
-
Ўғрилардан биттаси тутилди қолганлари ҳам ушланур, деб ўйлайман. А. Қодирий, Ўтган кунлар
9. Иш-фаолият, фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлмоқ.
-
Мариямнинг бахтига қарши, амаки сил касаллигига учраб, ишдан қолди. Ойбек, Танланган асарлар
-
Қулоқдан ҳам қолганмисиз? Илҳом акамнинг ҳам дараклари йўқ, деяпман! Б. Раҳмонов, Юрак сирлари
-
Илгари катта найчи бўлган, кейин кўздан қолиб, уйга қамалган ҳамқишлоғидан ҳам бир оз таълим олган эди. Ойбек, Танланган асарлар
10. Дучор бўлмоқ, гирифтор бўлмоқ, йўлиқмоқ.
-
Балога қолмоқ. Маломатга қолмоқ. Туҳматга қолмоқ. Ташвишга қолмоқ.
-
У ҳам кишилар олдида бу бахтсиз қизининг таънасига қолмасин. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Энди сенларнинг касофатларингга мен қоламанми? М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
-
[ Сурмахон:] Шу кунга қолишимга сиз сабабчи бўлдингиз, ойи. Б. Раҳмонов, Юрак сирлари
11. Бирор нарсадан бенасиб, бебаҳра қолмоқ.
-
Тўйдан қолмоқ. Фойдадан қолмоқ.
-
Бир якшанба куни Аҳмаджон ошхонага дежур бўлиб, уйқудан қолди. А. Қаҳҳор, Олтин юлдуз
12. (ўрин-пайт келишиги билан) Бирор ҳодисанинг бевосита таъсирида бўлмоқ.
-
Ёмғирда қолмоқ. Офтобда қолмоқ. Совуқда қолмоқ.
13. Белгиланган вақтдан кейинга сурилмоқ, кечиктирилмоқ, бошқа муҳлатга кўчирилмоқ.
-
Мажлис қолди. Тўй келаси ойга қолди. Қолган ишга қор ёғар. Мақол
-
Дамба масаласи кейинга қолди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
-
[Юсуфбек ҳожи:] Ўттиз икки тангадан солиқ йиғ, эмиш Бир ҳафтадан кейинга қолмасин, эмиш. А. Қодирий, Ўтган кунлар
14. сўзлашув тили Ютқизмоқ, мағлубиятга учрамоқ (ўйинда).
-
У мендан беш марта қолди.
15. Боғли бўлмоқ, қараб турмоқ (бирор иш, масала ва шу кабилар ҳақида).
-
Ҳамма иш менда қолди. Иш пулга қараб қолди.
-
[Ҳожи хода:] Ҳамма гап ўзингизда қолган. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
16. Ҳаракат номига қўшилиб, шу ишни бажариш лозимлигини, шундай вазифа, мажбурият борлигини билдиради.
-
Ош пишди, фақат уни сузиш қолди.
-
Энди., фармонни халққа тушунтириш, унинг кераклигини, фойдасини уқтириш қолди. Ойбек, Танланган асарлар
қол сўзи қатнашган жумлалар:
-га қолганда
-
Нега ҳар нарсага етган ақлинг шунга қолганда оқсайдир. А. Қодирий, Ўтган кунлар
Кўнгли қолмоқ
Лаънат тагида қолмоқ
Менга (ёки сенга, унга ва шу кабилар) қолса
-
Сенга қолса, худони ҳам йўқ дейсан. А. Қаҳҳор, Янги ер
-
Оппоқ ойингга қолса, Кумуш опангни ҳам бирга олиб кетмоқчи. А. Қодирий, Ўтган кунлар
Орамизда (ёки ўртамизда) қолсин
-
Яхши ҳамки бу гап ўз ўрталарингизда қолиб кетди. Б. Раҳмонов, Юрак сирлари
Орқада қолмоқ
-
Булар гап билан бўлиб, хийла орқада қолиб кетишди. А. Қаҳҳор, Хотинлар
-
Шундай қилиб, бўрон билан келган қийинчиликлар ор-қада қолиб кетди. Ш. Рашидов, Бўрондан кучли
-
У мендан уч синф орқада қолди. Орқада қолган мамлакат;
-
Соатим уч минут орқада қолибди;
-
Болаларим, илоё орқамда қолинглар
Пулнинг (ёки фойданинг) тагида қолмоқ
Қола берса
-
Аввали худо, қола берса, мен уни уйлантириб қўйдим. А. Қодирий, Ўтган кунлар
Қуруқ қолмоқ
ҚОЛ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
QOL сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
қол сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар