сўра
билан улашинг
1. Маълумот олиш, билиш учун савол билан мурожаат қилмоқ; савол, сўроқ бермоқ.
-
Манзилни сўрамоқ. Воқеанинг тафсилотини сўрамоқ. Сўраганнинг айби йўқ. Мақол
-
Кўп юргандан сўрама, кўп кўргандан сўра. Мақол
-
Куйганёр кўприги олдига келганда, шофёр тормоз бериб, қўй етаклаган кишидан еттинчи участка қай тарафдалигини сўради. С. Аҳмад, Уфқ
-
Азизхоннинг ўша тарафларга боргиси келди. Шошиб сўради: — Армияга одам олишадими? С. Аҳмад, Уфқ
2. Кимсани чақирмоқ ёки чақирилишини илтимос қилмоқ.
-
— Алло, кимни сўраяпсиз? — Аҳмедовни сўраяпман.
3. Билимини текширмоқ, имтиҳон қилмоқ.
-
Жнинг каттасини кўрсатиб бермадингиз, эртага домла сўрайдиган эдилар. Қанақа ёзилади? А. Қаҳҳор, Санъаткор
-
Қўйинг, хола, алахситманг, дарсларини қилсинлар Битта-яримта одам дарсдан сўраб қолса Ҳеч ким сўрамаса ҳам, Ўрмонжон акам сўрайдилар. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
4. Фикрлашиб, маслаҳатини ёки рухсатини олмоқ.
-
[Қутидор] Хотини ва қизидан сўраб ўтирмай, бир кун дўконидан эркак совчилар билан битишиб ҳам келди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Янаги йилга ер экув-сиз қолса, колхоз ҳеч кимдан сўраб ҳам ўтирмасдан, қўш солиб юборади. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
5. Бирор илтимос ёки талаб билан мурожаат этмоқ; илтимос ёки талаб қилмоқ.
-
Изн сўрамоқ. Узр сўрамоқ. Қарз сўрамоқ. Номарддан ёрдам сўрама, юзингга солади. Мақол
-
Бой қўшнингдан сўрагунча, Йўқ уйингни ахтар. Мақол
-
Азизхон жой излаб аланглаб тураркан, юқорида ўтирган Белявский уни имлаб, юқорига чиқишини сўради. С. Аҳмад, Уфқ
-
[Муҳсина] Савол сўралган-да ҳам, жавоб бермайди, эрига мўлтираб қарайди — изн сўрайди. М. М. Дўст, Лолазор
-
Баширжон ўзининг мушкул аҳволи тўғриси-да маслаҳат сўрамоқчи эди, бўлмади. Кўрдики, акахоннинг аҳволи уникидан ҳам оғир. Н. Аминов, Қаҳқаҳа
6. Рухсат, ижозат ёки розилик олмоқ.
-
Эшик очиқ бўлса ҳам, сўраб кир. Мақол
-
Меҳмон сўраб емас. Мақол
-
Муқбил подшодан Ҳотамни бошлаб келишга ижозат сўрабди. Чалпак ёққан кун
7. Кимсани хотинликка, келинликка берилишини илтимос қилмоқ.
-
Қиз(ини) сўрамоқ. Қизни сўраганга бер, Қимизни — сувсаганга. Мақол
-
Мамат қассобнинг қизини қўшни қишлоқдан бир неча одам сўраган эди. Ёшлик
8. Бировни ахтармоқ ёки изламоқ.
-
Бугун Азизхонни сўрамаган, суриштирмаган одам йўқ, деса бўлади. С. Аҳмад, Уфқ
-
Кўп шаҳарга бордим сўраб, Тополмадим норим истаб. Нурали
-
Ҳозир Эшон қишлоқда ҳам у кишини икки отлиқ сўради. С. Аҳмад, Уфқ
9. Салом ва яхши истакларни бировга етказмоқ.
-
Қариндошларни сўраб қўйинг.
10. Савдода, олди-сотдида ўз моли учун бирор нархни айтмоқ.
-
Қиммат сўрамоқ.
-
— Тойчангизга неча пул сўрайсиз? — Эгаси юз сўм сўради. Мен етмиш сўм дедим. А. Қаҳҳор, Қанотсиз читтак
-
— Кетамиз, — деди [Отабек] бир оз ўйлангандан кейин, — мол баҳолари тўғрисида битишолмай турамиз — олғувчилар арзон сўрайдилар. А. Қодирий, Ўтган кунлар
11. фольк. Идора этмоқ; ҳокимлик, ҳукмронлик қилмоқ.
-
Юртни сўрамоқ.
-
Бу бошимга хос саллани ўрайман, Омон бўлсам, мамлакатни сўрайман. Эрали ва Шерали
-
Чамбилбелни сўраб ётган зўр султон, Ўғил ёки қиз кўрмади Юнусдан. Маликайи айёр
сўра сўзи қатнашган жумлалар:
Кўнгил сўрамоқ
-
Ҳаммадан онанг рози, Кўнгил сўраб туради. Қўшиқлар
Гуноҳини сўрамоқ
-
[Мирзақул:] Бой ота, Суярнинг гуноҳини мен сиздан сўрадим. Кечинг. Н. Сафаров, Уйғониш
СЎРА сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
SO‘RA сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
сўра сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар