ташвиш
билан улашинг
1. Кўзланган иш, мақсад ва шу кабилар йўлидаги ўй-фикр, хатти-ҳаракат; безовталик, тараддуд.
-
Рўзғор ташвиши. Тирикчилик ташвишлари. Тўй ташвишлари.
-
Ҳар бир куннинг ўзига хос иши ва ташвиши бордир. Ш. Рашидов, Бўрондан кучли
-
Адолат кечаси билан чанқоқ ғўзалар ташвишида ухлолмади. И. Раҳим, Чин муҳаббат
-
Мана энди Ўскинбойда янги ташвиш: адирлардан ер очмоқчи. Ўзбекистон қўриқлари
-
Хўрозларнинг сўнгги қичқириғидан уйғонаётган қишлоғимизнинг кун-лик ёқимли ташвишлари бошланаётган эди. Саодат
2. Бахтсизлик, жудолик ва шу кабилар туфайли юз берадиган ҳис-туйғу; ғам, қайғу.
-
Ташвиш тортмоқ (чекмоқ). Бошига (кўнглига) ташвиш тушди. Ўйламай қилинган иш бошга келтирар ташвиш. Мақол
-
Ташвиш қиз боланинг ҳуснини оларкан, шўхлигини ҳам, овозидаги латофатини ҳам қуваркан. С. Аҳмад, Уфқ
-
Сизга бир маслаҳатим: кўп куйинчак бўлаверманг, юрак касаллиги аксарият икир-чикир ташвишлардан келиб чиқади. Ў. Ҳошимов, Нур борки, соя бор
3. Нотинчлик, азоб-қийноқ берадиган нарса-ҳодиса ва шу туфайли юзага келадиган ҳолат; кулфат, савдо.
-
Ёш олимнинг мусофирчиликда бошидан кечирган кулфатлари бу ташвишлар олдида ҳеч гап эмасди. М. Осим, Жайхун устида булутлар
-
Шундоқ илм-у амал билан кунлари ўтиб турган Меъмор бошига тушган улкан кулфат — ўғлининг ҳибс этилиши ҳаммасини бир томонга улоқтириб ташлади. Мирмуҳсин, Меъмор
ташвиш сўзи қатнашган жумлалар:
Ташвиш қилмоқ
-
Унчалик ташвиш қиладиган гап йўқ. Уч вагон молимизни брак қилишибди. Муштум
Ташвишга солмоқ (ёки қўймоқ, туширмоқ)
-
Ташвишга солдикми? — деди бика, қоракўл попоғини бошидан олиб. Ж. Шарипов, Хоразм
-
Март ойигача мўътадил бўлиб турган ҳаво бирданига айниди. Табиатнинг бу нотантилиги пахтакорларни ташвишга солиб қўйди. Н. Сафаров, Хадича Аҳророва
-
Қобил карвоннинг қамоққа олиниши Абдураҳмонбой хонадонини қаттиқ ташвишга солиб қўйди. Ҳ. Ғулом, Машъал
Ташвишга тушмоқ
-
Куз ҳавоси паст келди: колхозчилар ташвишга тушиб қолишди;
-
[Ҳасанали] Бу ўртада қандай ташвишларга тушмади, сўрасангиз. А. Қодирий, Ўтган кунлар
Ташвишини қилмоқ
-
Тўй ташвишини қилмоқ. Рўзғор ташвишини қилмоқ.
ТАШВИШ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
TASHVISH сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
ташвиш сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар