тин
билан улашинг
1. Лойқа ва шу кабилар аралашмаларнинг чўкиши натижасида тозаланмоқ; тинимоқ (суюқлик ҳақида).
-
Лойқа сув бир кечада зўрға тинди.
-
Кун исиб кетди. Ҳар қадамда халқоб бўлиб ётган кўлмаклар ерга сингиб, ариқлардаги лойқалар тина бошлади. Ҳ. Назир, Сўнмас чақмоқлар
2. Гард-ғубор, хира ҳолатдан тоза бўлмоқ, тиниқлашмоқ, равшан бўлмоқ.
-
Ювош нурлар ўйнайди, осмон гулдай яшнар тобора тиниб. Ш. Раҳмон
3. Иш, ҳаракатини тўхтатмоқ; дам олмоқ.
-
У кун бўйи тинмади. Эшак минганнинг оёғи тинмас, Икки хотинликнинг қулоғи тинмас. Мақол
-
Ўйинқароқ Ит тинса тинади, қуш тинса тинади, бу тинмайди. Ҳ. Назир, Сўнмас чақмоқлар
-
Хотинлар, қайтага, Онахон ишдан тинган пайтларда тўпланадиган бўлишди. А. Мухтор, Опа-сингиллар
4. Ҳаракати ва ўзи тўхтамоқ, босилмоқ.
-
Ариқда жилдираб оқаётган сув тинди.
-
Бўрон тинарди-ю, ҳамма ёқ сокин бўларди. Ўзбекистон қўриқлари
-
Мактаб коридорида кечгача ғала-ғовур тинмайди. Р. Файзий, Сен етим эмассан
-
Эрталаб ёмғир тинган, ҳаво нақадар мулойим ва оромбахш. Ж. Абдуллахонов, Орият
-
Отишмалар секин-аста тинди. Н. Сафаров, Оловли излар
тин сўзи қатнашган жумлалар:
Оғзи (ёки жағи, чакаги) тинмоқ
-
Қўллари этикни ишқаларкан, оғзи тинмади: — Уҳ, ўлиб бўлдим, қизим! Ёлғиз қўйни ҳайдаш — нуқул азоб. Ойбек, Танланган асарлар
-
Шиша бўшаб, навбат пирожнийга етган маҳал ҳам Ғойибнинг жағи тинмади. Ж. Абдуллахонов, Орият
-
Ҳамма ширин уйқуда. Дуранбекнинг қўрғонидаги бўрибосарнинг ҳам чакаги тинган. А. Муҳиддин, Ҳ. Тожибоев, Оташ қалбли қиз
Кўзи тинмоқ
-
Тинкам қуриб, кўзим тиниб, зўрға шу ерга етиб йиқилдим, синглим. Н. Сафаров, Ҳаёт мактаби
-
Салимхон қарорни ўқиётганда, қўллари қалтиради, кўзи тиниб, боши айланди. Ҳ. Ғулом, Машъал
-
Унинг қўл-оёқлари титраб, ўтирган жойида кўзи тина бошлади. П. Қодиров, Юлдузли тунлар
Кўнгли тинмоқ
-
Шундай десам, дўстим кўнгли тўлар деб, Нима бўлса, мендан кўнгли тинар деб, Шул сабабдан ёринг кўнглин сўрадим. Муродхон
Ўзидан тинмоқ
-
Саломат тўғрисида бир нима демайман. Шукур, у ўзидан тиниб кетди. Ҳ. Носирова, Мен ўзбек қизиман
-
Она, ўзимдан тиниб кетганман, бироқ Сенинг дардинг қалбимни сиқади ҳар чоқ. Ғайратий
ТИН сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
TIN сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
тин сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар