тинчи
билан улашинг
1. Барҳам топмоқ, тўхтамоқ, босилмоқ; тинмоқ (тўполон, шовқин-сурон ва шу кабилар ҳақида).
-
Аъёнлар супада, одамлар ерда ўтириб, ғала-ғовур тинчигандан кейин, ҳоким одатдагича тилмоч орқали халқни огоҳлантирди. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
-
Ўша тўполон тинчигандан кейин бир ҳафта ўтувди ҳамки, мен уй пойлаб қолдим. Э. Раимов, Ажаб қишлоқ
-
Тинчимайди чақалоқ доди, Хотин қуволмайди шарпани. У. Қўчқоров, Ҳаяжонга кўмилган дунё
2. Уриш, жанжал, нотинчлик барҳам топиб, осойишталик юзага келмоқ, тинчлик қарор топмоқ.
-
Ўзим майли, уй-ичимнинг Тинчи кетди, Талай гаплар бўлди, шукур, Тинчиб кетди. Т. Йўлдош, Аттанг
-
Юрт тинчисин десангиз, қуймучларига шартта тепиб, оқ фотиҳаларини бериш керак. Муштум
3. Тинч тортмоқ, тинчи, ороми жойига келмоқ.
-
Хат келганда, тинчир жон, Хат — жуда азиз меҳмон. Ҳ. Олимжон
-
Уй ичи жимжит, бемор энди тинчигандек бўлди. Н. Фозилов, Дийдор
-
[Гулнор] Гоҳ тинчиб, гоҳ қийналиб ётди. Ойбек, Танланган асарлар
4. Бирор иш, ният ва шу кабиларни амалга ошириб хотиржам бўлмоқ.
-
Қиз бола ота-онага омонат, узатиб тинчий! С. Зуннунова, Янги директор
-
Ана шу нозик меҳмон келгач, мезбон ҳам тинчиб, қаторга қўшилди. Муштум
-
— Мактабдан тинчиб олдингиз, — деди Мели полвон кулиб. — Энди ўзингизни ҳам бир тинчитиб қўйсак бўлар эди П. Турсун, Ўқи-тувчи
5. Иш-ҳаракат, интилиш ва шу кабиларни тўхтатмоқ, ундан тўхтамоқ.
-
Болам, ҳеч бўлмаса дам олиш куни бир тинчисангиз-чи. Н. Сафаров, Танланган асарлар
-
Бирдан улоқчилар сув қуйгандек тинчиб, тортиш ўрнида тўпланиб қолдилар. А. Қодирий, Улоқда
-
Қизимни тилга олдингиз, раис, тўғри, ўзи ҳам тинчимайди, дангасаларга ҳам тинчлик бермайди. Ш. Рашидов, Бўрондан кучли
тинчи сўзи қатнашган жумлалар:
Кўнгли (ёки юраги) тинчимоқ
-
Шербек қўлига билет тегганидан сўнггина бир оз кўнгли тинчиди. С. Анорбоев, Оқсой
-
Пайт топаман. Гаплашаман. Бўлмаса менинг юрагим тинчимайди. П. Турсун, Ўқитувчи
Қулоғи тинчимоқ
-
Шу одам маҳалламиздан кўчиб кетди-ю, қулоғимиз тинчиди.
-
Онахон растадан қайрилиб, темирчилик маҳалласидан ўтгандан кейингина қулоғи бир оз тинчиди. А. Мухтор, Опа-сингиллар
ТИНЧИ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
TINCHI сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
тинчи сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар