томир
билан улашинг
1. анат. Одам ва ҳайвонлар танасида қон ёки лимфа оқадиган найчасимон аъзо.
-
Томирдан қон олмоқ. Томирга дори қуймоқ.
-
Тўлаган ерга қараб жим қолди. Унинг чакка томирлари бўртди, бурнининг учи йилтиради. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
2. кўчма Умуман, нарса-ҳодисанинг ҳаёти, фаолиятини таъминловчи омил, восита.
-
Саноатнинг юрагидир мартен печи, Юрак бўлгач, ишлайди-да эрта-кечин. Бу юракни юргизади уста Анвар, Саноатнинг томирига пўлат оқар. Муштум
-
Қишлоқнинг ҳаёт томири уриб турган ҳар бир жойда ташаббус яққол сезилиб туради. Газетадан
3. сўзлашув тили Юрак ҳаракати натижасида қон тепиши; пульс.
4. т. С. Мушакларни суякка бириктирувчи пухта, эластик тўқима; пай.
-
[Йўлчи] Томири тортишган одам каби, бир лаҳза қотиб қолди, сўнг қиличини маҳкам ушлаб, букчайиб, оҳистагина ерга йиқилди. Ойбек, Танланган асарлар
-
Томирларини ёзиш учун бошини орқага ташлаб, бир-икки силкитиб олди. С. Кароматов, Олтин қум
5. биология Ўсимлик танасида суюқлик ва ундаги эриган моддалар оқадиган тўқима найчалар.
6. бот. Илдиз.
-
Ариқ бўйларида, қир этакларида ўтган йилги ўтларнинг томиридан нозик майсалар униб чиқа бошлаган. С. Анорбоев, Оқсой
-
Агар у ҳар куни эрталаб, кечқурун сойга тушмаганда эди, кўза-кўза сув қуйиб, томирига нам юбормаганда эди, ўрик аллақачон хазон бўларди. Ш. Рашидов, Бўрондан кучли
7. кўчма Илдиз, негиз.
-
Яхши нақл — томири ақл. Мақол
-
Жўрахон бу муҳим масалани айтишдан бош тортганда, бунинг томири жуда узоқ эканлигини Ғуломжон дарров фаҳмлаб олди. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
8. кўчма Бир-бирини қўлловчи, бир-бирига ҳомийлик қилувчи кишилар ўртасидаги ўзаро боғланиш, алоқа; илдиз.
-
Затакўз домлаям, Турдивой халфаям, ҳаммаси Буларнинг томири узун, Зағчакўз мударрис бўлган экан, ўғиллари, шогирдлари катта-катта амалда дейишади. П. Турсун, Ўқитувчи
-
Шуҳратпарастлар халққа юқоридан қандай зарар етказган бўлсалар, пастдан ҳам шундай зарар етказганлар. Уларнинг томири битта. Ҳ. Ғулом, Сенга интиламан
9. шева Қариндош, уруғ; қариндошлик риштаси.
-
Юртга донғи кетган Жоналибойга, Қизинг бериб, бойга томир бўлайлик. Пўлкан
-
Тожибой ўзи камбағаллардан бўлса ҳам, томири Олахўжа махсум билан туташган эди. П. Турсун, Ўқитувчи
10. шева Тутинган ўртоқ, яқин дўст.
-
То-мирингни мақтама, ёмон чиқса, қайтасан. Мақол
-
Икки ўртада сўз бергандик, то-мирмиз деб, Зуваласи айрим битта хамирмиз деб. Ғ, Ғулом
-
Мингнинг зотини билгандан бирнинг отини бил, деганлар, танишиб қўяйлик, томир. А. Мухтор, Қорақалпоқ қис-саси
томир сўзи қатнашган жумлалар:
Қон томирлари
Томирни (ёки томир) уришини (ёки тепишини) кўрмоқ
-
Табиб, Ота-бекдан воқеани сўраб билгандан сўнг, Кумушнинг томирини кўриб, лабини тишлаб қолди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
Томирига (ёки илдизига, оёғига, тагига) болта урмоқ
-
Элмурод ўзининг жаҳолатга қарши бўлган билимини одамларга ёйиш билан домланинг томирига болта ураётганини яхши фаҳмламасди. П. Турсун, Ўқитувчи
Томир отмоқ (ёки ёймоқ)
-
Аммо бутун бир соболи яшаб, томир отиб қолган бежирим жойларни йўқ қилиш — хутор системасини йўқотиш, деган гапга кирмайди. Ж. Абдуллахонов, Хонадон;
-
Шербек катта кўча тўрт томонга томир отган жойда тўхтаб қолди. С. Анорбоев, Оқсой;
-
Одамлар орасида ҳам девпечак борлигини, у аста томир ёйиб бораётганини билганди-ю, аммо ўша девпечакнинг илдизини топа олмай доғда эди. С. Аҳмад, Ҳукм
ТОМИР сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
TOMIR сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
томир сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар