Izoh.uz сайтида тут сўзининг изоҳи ва маънолари

тут

фл

1. Қўл билан ушламоқ, ушлаб турмоқ; тутинмоқ.

  1. Бир қўлда китоб, бир қўлда гулдаста тутиб турмоқ. Боланинг қўлидан тутмоқ. Отнинг жиловидан тутмоқ. Кўр тутганини қўймас, кар — эшитганини. Мақол

  2. Темирчи уста қаҳр-у ғазаб билан ич-кари кирди ва тикка бориб, Хайринисанинг куёви бўлмиш йигитнинг ёқасидан тутди. С. Абдулла, Мавлоно Муқимий

  3. Гавҳар тоқати тоқ бўлиб, ўрнидан тура бошлаган эди, Тальъат тирсагидан тутиб ўтқазди. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол

  4. Кетмон тутишга одатланган дағал қўллар игна ушашга, қатим тортишга келишмаганидан диққати ошган Охун. Ойбек, Танланган асарлар

2. Овлаб, қувиб, изидан бориб ва шу кабилар йўллар билан ушламоқ, ушлаб олмоқ, қўлга туширмоқ.

  1. Балиқ тутмоқ. Қуён тутиб олмоқ. Ўғрини тутмоқ.

  2. Сайил ҳам сайил, саргардон ҳам сайилда, домлажон. Ҳали кийик тутдикми, йўқми, ҳеч бўлмаса, шамоллаб келамиз-да. М. Мансуров, Ёмби

  3. Агар Ҳамзани тутиб берсанг, ўғлинг Умар полвонни рўйхатдан ўчирамиз. К. Яшин, Ҳамза

3. Бирор нарсани илтифотан кимсага таклиф қилмоқ, узатмоқ; фойдаланиш учун тўғриламоқ, бермоқ.

  1. Меҳмонларга сочиқ тутмоқ.

  2. Чол белбоғидан носқовоғини олиб, ўтирганларга тутди. С. Аҳмад, Ҳукм

  3. [Сулув] Ҳеч нарсага қарамай, сакраб туриб, ҳансираб қолган отасини юпатгиси, совуқ айрон тутиб, елкасини силагиси келарди. А. Мухтор, Қорақалпоқ қиссаси

  4. Дуодан сўнг Отабек тўриқ йўрғани чиқариб, қутидорга тутди. А. Қодирий, Ўтган кунлар

  5. Бўстон қутичали атир олиб келиб, ойисига тутди. С. Зуннунова, Янги директор

  6. Али мешкобчи яна Мадраса қурилишига кириб, одамларга сув тутди. Мирмуҳсин, Меъмор

4. Қўлидаги (ўзидаги) бирор нарсани бошқа нарсага тўғриламоқ, рўбарў ҳолга олмоқ.

  1. Хатни чироқ ёруғига тутиб ўқимоқ. Елкасини офтобга тутмоқ.

  2. Отбоқар фонусни яна Бўтабойнинг юзига тутди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари

  3. Сенга ҳавас билан боқурман, рости, Ўлимга тик кўксин тута олган зот. А. Орипов

5. кўчма Йўқ бўлиш, кетиш ва шу кабилардан сақлаб турмоқ.

  1. Ҳокимиятни тутиб турмоқ. Ўз позицияларини тутиб турмоқ. Жангчиларимиз тепаликни тутиб туриш учун бутун воситаларни ишга солдилар.

  2. Азамат, комбатнинг мадад кучи етиб боргунча душманни тутиб туриш ҳақидаги фармонини Эргашевга айтди. Н. Сафаров, Қаҳрамоннинг туғилиши

6. Бирор ҳолат, вазиятда сақламоқ, асрамоқ.

  1. Саидбобо негадир тили учида турган гапни ютиб, сир тутди. Н. Сафаров, Оловли излар

  2. Туғилган кун зиёфатига таклиф қилиш шарт эмас. Ўша кунни эсида тутган яқинлари ўзлари боришаверади Р. Файзий, Чўлга баҳор келди

  3. Итни занжирга боғлаб қўйгач, оч тутади дейишади. С. Нуров, Нарвон

7. кўчма Бирор нарсадан ўзини тиймоқ ёки бирор нарсани, воқеани юз беришдан тўхтатмоқ, босмоқ, ушламоқ.

  1. У кўзларига тўлган томчиларни базўр тутиб жавоб берди. Ойбек, Танланган асарлар

8. кўчма Идора қилмоқ, бошқармоқ.

  1. Рўз-ғор тутмоқ.

  2. Яхши қилиб юртни тутди, Ким кам бўлса, йўл кўрсатди. Эргаш Жуманбулбул ўғли

9. кўчма Ўз қўли остидаги, измидаги, қарамоғидаги кимсаларга қандайдир муносабатда, муомалада бўлмоқ.

  1. Болани бўш тутиш ярамайди. Синглингни кафтингда тутсанг, онангни бошингда тут. Мақол

  2. Шариат хотинни қаттиқ тутиш керак дейди-ю, аммо хотинни қанча қаттиқ тутсангиз, шунча ғафлатда қолишингизни пойлайди. А. Қаҳҳор, Майиз емаган хотин

  3. Ўзбек ойимнинг Келинни хор тутар экан демасинлар, сен ҳам ўзингни тузат! деб айтгани учун, Зайнаб ҳам тамом ипакларга кўмилиб ясанган, кеча эрга тегган янги келинлар суратига кирган эди. А. Қодирий, Ўтган кунлар

10. Бирор тарзда ишлатмоқ, фойдаланмоқ, қўлламоқ.

  1. Идиш-товоқни, кўрпа-ёстиқни тоза тутмоқ. Янги олиб келган тешани тутмоқ.

  2. — Лекин, — деди Самандаров қошиқни салмоқлаб, — ҳали ҳам мана бунақа қошиқ тутиш айб. Бунга йўқчиликни важ қилиб бўлмайди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари

11. Парвариш қилмоқ, боқмоқ (пилла қуртини).

  1. Мен, бешовларинг қурт тутинглар, бешта одам бўшасин, демоқчи эмасман. А. Қаҳҳор, Кампирлар сим қоқди

12. Ишлатиш, фойдаланиш учун ўз ихтиёрида, қарамоғида олиб турмоқ, сақламоқ.

  1. Қани иложи бўлса, битта одам тутмасдан, бутун ишни ўзим эплай олсам. Ойбек, Танланган асарлар

13. Пардалаш, тўсиш, қоплаш ва шу кабилар мақсадлар учун ўрнатмоқ, боғлаб, илиб ёки осиб қўймоқ.

  1. Пашшахона тутмоқ. Деразаларга парда тутмоқ. Этак тутиб, пахта термоқ. Дастрўмолни юзига тутиб йиғламоқ. Эл оғзига элак тутиб бўлмас. Мақол

  2. Бахмал паранжили хотин чиммат тутган юзини Азим тажанг томонга хиёл ўгирди-ю, бир-икки томоқ қириш билан кифояланди, жавоб бермади. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча

14. Кўпайиб, тарқалиб, ёйилиб ва шу кабилар йўллар билан маълум жойни эгалламоқ, қоплаб олмоқ, босмоқ.

  1. Самоварнинг буғи уйни тутиб кетди. Қўй-эчкиларнинг маъраши кўчани тутган эди.

  2. Йилқи, пода, сурувлар Дард кўрмай ўсса дейман, Тоғ-у тошга сиғишмай, Яйловни тутса дейман. Қ. Муҳаммадий

  3. Қўнғироқдай товуши билан Гулсун ҳам қўшиқчига жўр бўлгандагина ҳамма ёқни одам тутиб кетганини кўрди. Ж. Абдуллахонов, Тонг ёришган соҳилда

  4. Қўнан ака минбардан тушишлари билан, зални қарсак тутиб кетди. Ўзбекистон қўриқлари

  5. Даштни тутиб ётган лолалар узоқда қолиб, гулларидан асаларилар бол эмаётган мевазор боғлар бошланди. Гулдаста

  6. Достоннинг овозаси оламни тутди. Н. Фозилов, Ҳаёт ўргатди

15. Қўзимоқ, қўзиб қолмоқ, хуруж қилмоқ (одатда, инсон табиатида бўладиган турли хислатлар ҳақида).

  1. Отанинг тантилиги тутиб кетди. Унинг жазаваси тутди. Шўхлиги тутмоқ.

  2. Ҳиндининг ҳам ҳиммати тутиб кетди, сарроф халтадан битта беш сўмлик тилла олиб берди. Ғ. Ғулом, Шум бола

  3. Гапинг рост бўлса, қани юр! Ёки дангасалигинг тутиб, ишлагинг келмаётибдими? Газетадан

16. Амал олмоқ, ўсмоқ, ривожланмоқ (янги кўчат ёки пайванд ҳақида).

  1. Боғбон ўзи эккан ё улаган кўчати тутиб, бўй тортиб кетгунча, ҳар кун тагига неча марта келади. М. Исмоилий, Бизнинг роман

  2. Онда-сонда кўчатлар ўтқазилган экан-у, кўпи тутмапти. А. Мухтор, Опа-сингиллар

17. Ёрдамчи феъл сифатида боғловчи вазифасида қўлланади; ҳисобламоқ.

  1. Парвозга шайланиб ночор пат урган Ярадор бургутга тутмайди осон. У. Қўчқоров, Ҳаяжонга кўмилган дунё

18. Баъзи сўзлар билан қўлланганда, шу нарса эвазига бирор нарсага дучор бўлмоқ, унинг ҳақидан қутула олмаслик маъносини билдиради.

  1. — Уволи тутади демадингизлар-а, уволини ўйламадингизлар-а, — деди жавраб турган Зулхумор, юраги бўлмай нари кета бошлади. М. Мансуров, Ёмби

  2. Сизни ўша норасидаларнинг кўз ёши тутмайдими? С. Сиёев, Ёруғлик

  3. Беш боланинг уволи уради сен бекларни! Менинг бегуноҳ қоним тутади ҳаммангни! П. Қодиров, Юлдузли тунлар

тут сўзи қатнашган жумлалар:

Ўзини тутмоқ

1. Ўзини босмоқ, тиймоқ; ўзини қўлга ола билмоқ.
  1. Йиғидан ўзини тутмоқ. У кулгидан ўзини тутолмади.

  2. Ўзимни кулгидан тутолмай, ҳиринглаб кулиб юбордим. Э. Раимов, Ажаб қишлоқ;

2. Ўзини бирор тарзда ушламоқ.
  1. Ўзини баланд тутмоқ. Ўзини катталардек тутмоқ. Ўзини тетик тутмоқ.

  2. Ибодовнинг ўзини тутиши ҳайрон қолдирган эди уни. Ф. Мусажонов, Ҳиммат

  3. У ўзини имкони борича бепарво тутишга ҳаракат қилди. Т. Ашуров, Оқ от;

3. Ўзини эплаб қолмоқ, оёққа турмоқ.
  1. Эрталаб яна қонли урушлар бошланди. Аммо халқ энди ўзини анча тутиб қолган эди. А. Қодирий, Ўтган кунлар

  2. Бобоқул ота ўзини тутиб олиб: — Илгари фақат селдан эмас, қурғоқчилик офатидан ҳам одамлар қириларди — деди. Ҳ. Назир, Сўнмас чақмоқлар

Аза тутмоқ

  1. Ғалаба куни тўйга айланган хонадонлар ҳам бўлди, яраси янгиланиб, қайта аза тутганлар ҳам. Ўзбекистон қўриқлари

Бошини тутмоқ

Бирор иш, ҳунар ва шу кабилар билан машғул бўлмоқ, уни эгалламоқ, касб этмоқ.
  1. Бирор ишнинг бошини тутмоқ.

  2. Бирон бошқа ҳунарнинг бошини тутса ҳам эплаб кетарди. С. Сиёев, Ёруғлик

Ватан (ёки макон) тутмоқ

Бирон ҳудуд ёки жойни яшаш жойи (ватан) қилиб олмоқ.
  1. Эрбўтаевлар оиласи ҳам яйдоқ чўлни ватан тутиб, меҳнатда донг тара-тиб, ўзларидан кўпайишиб боришяпти. Ўзбекистон қўриқлари

Гапга тутмоқ

Гапга солиб, савол-жавоблар билан банд қилмоқ.
  1. Ҳамма гапи ёлғон бўлмасин, ўртага олиб, гапга тутинг. Юсуф ва Аҳмад

  2. Тракторчи йигит ишга шошилганидан тоқатсизлана бошлади. Чол буни сезиб, ортиқча гапга тутмади. Ў. Усмонов, Сирли соҳил

Дариғ тутмоқ

  1. Якка ва ягоналигинг ҳаққи мендек бир балокаш гуноҳкор ожиза бандангдан марҳаматингни дариғ тутмагайсан К. Яшин, Ҳамза

Иш тутмоқ

Маълум сабаб, шарт-шароит ва шу кабиларни ҳисобга олган ҳолда иш қилмоқ, иш олиб бормоқ.
  1. Нега бир-биримизга ёқишимиз керак. Ёки бўлмаса, сизга яқин бўлган инсон кўнглига қараб иш тутиш лозим-ми? Газетадан

Йўл (ёки йўлини) тутмоқ

Иш-фаолиятда муайян бир йўлни танламоқ, шу йўлдан бормоқ.
  1. Шунинг учун у тилёғлама-лик йўлини тутди. Газетадан

  2. Сендан сўнг қолиб ҳам у қаримайди, У мангу ёшликнинг йўлин тутгандир. Шуҳрат, Ёшлигимнинг давоми

Кўз тутмоқ

Келиши, учрашуви юз беришини интизорлик, иштиёқ билан кутмоқ.
  1. Кўз тутдим, кўзларим нигорон бўлди. Ёшлик

  2. Темиржон, айиқча қайтиб келадигандай, унинг йўлига интизор кўз тутди. Ж. Абдуллахонов, Орият

Кўзда тутмоқ

Назар-эътиборида бўлмоқ, назарда тутмоқ.
  1. Келгуси вазифаларни кўзда тутмоқ. Ишдаги қийинчиликларни кўзда тутмоқ.

  2. Бу гаплари билан қурилишдаги ишларни кўзда тутаётганлигини Бароқов яхши тушунди. Ўзбекистон қўриқлари

Сўроққа тутмоқ

Узлуксиз сўроқ беришда давом этмоқ.
  1. Лекин у ерда сиз эмас, улар сизни сўроққа тутмасалар, деб қўрқаман. К. Яшин, Ҳамза

Тўпга (ёки ўққа) тутмоқ

Кимса, нарса, жой томонга (устига) тўхтовсиз тўп отмоқ, ўқ отмоқ, ўқ ёғдирмоқ.
  1. Кўпдан бери кутилган жанг тонг маҳалида душман артиллерияси бизнинг позицияларимизни ниҳоятда қаттиқ тўпга тутиши билан бошланиб кетди. А. Қаҳҳор, Олтин юлдуз

  2. Душман жангчиларимизни миномётдан ўққа тута бошлади. Газетадан

Этагини тутмоқ

Раҳнамолигида иш тутмоқ, раҳнамолигига суянмоқ.
  1. Омон бува Ёдгоров каби ингичка толали пахта усталари бор. Ана шуларнинг этагини тут. Ўзбекистон қўриқлари

Юз тутмоқ

Ўрин тутмоқ

Мавқега эта бўлмоқ, аҳамият касб этмоқ.
  1. Улар ичида Шодмонов алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистон қўриқлари

  2. Меҳнат жамоаларида туғилаётган анъаналар орасида мусобақанинг такомиллашиб бора-ётган янги шакл ва усуллари алоҳида ўрин тутади. Газетадан

Қулоқ тутмоқ

1. Эшитишга диққатни қаратмоқ.
  1. Бирпас девор тагида тўхтаб, атрофга қулоқ тутишди: жимлик ҳукмрон Муштум;

2. Тингламоқ, эшитмоқ.
  1. Акам томда қор курар мен сандал ичига тиқилиб олиб, шифтдан келаётган курак овозига қулоқ тутиб ётар эдим. М. Мансуров, Ёмби


ТУТ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.

TUT сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.

Изоҳли луғат Savodxon лойиҳаси билан ҳамкорликда яратилди. Savodxon дастури матндаги имло хатоларини аниқлаш ва тузатишга имкон беради.
Сайтдаги ўрни
1999
Сўзнинг тескари ёзилиши
тут
Ҳарфлар сони
3
Кўришлар сони
308

тут сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг

Google Яндекс Bing

Сиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар

тут сўзининг маъноси ва изоҳи билан батафсил танишиб чиқамиз. Ўйлаймизки, энди сиз Izoh.uz сайтидан фойдаланиб, тут сўзини лотин ва кирилл алифбосида тўғри ва ўз ўрнида ишлата оласиз.

Izoh.uz лойиҳаси ҳақида

Izoh.uz — Ўзбек тилининг халқона изоҳли луғати 35 000 дан ортиқ сўзларнинг маънолари ибора ва мисоллар билан келтирилган.

Йиллар давомида “Ўзбек тили куни”га бағишлаб, ўзбек тилини ўрганувчилар, журналистлар, таржимонлар, копирайтерлар, блогерлар ва бошқалар учун фойдали лойиҳаларни ишга туширишни анъанага айлантирганмиз. Бизнинг жамоа Lotin.uz, Imlo.uz, Sinonim.uz, Sarlavha.com лойиҳаларини ҳукмингизга ҳавола қилган.

Батафсил Izoh.uz лойиҳаси ҳақида

Лойиҳаларимиз

TVinfo.uz — Bugun, ertaga va keyingi hafta uchun to‘liq teledasturlar.

TVinfo.uz — Телепрограмма на сегодня, завтра и ближайшую неделю.

tvinfo.uz

O‘zbek Ismlarning to‘liq, batafsil ma’nosi, kelib chiqishi, shakllari. O‘zingiz va yaqinlaringizni ismlari ma’nosini bilib oling.

Полный смысл, происхождение, формы узбекских имён. Узнайте смысл своего имени и имён близких.

ismlar.com

DostavkaInfo — Taomlar, dorilar, kitoblar va boshqa uy uchun kerakli bo‘lagan narsalarni yetkazib berish xizmatlari bor servislar.

DostavkaInfo — Каталог сервисов, предлагающих доставку еды, лекарств, книг и товаров для дома.

dostavkainfo.uz

Lotin.uz — foydalanuvchilarga berilgan matnni lotindan kirillga va aksincha o‘girish xizmatini taklif etadi.

Lotin.uz — поможет транслитерировать с узбекской кириллицы на латиницу и обратно. Легко!

lotin.uz

Maqol va naqllarning eng katta kolleksiyasi. Har bir maqol uchta tilda (o‘zbek, rus, ingliz).

Самая большая коллекция пословиц и поговорок на трёх языках (узбекский, русский, английский).

maqollar.uz

Har kuni eng sara latifalar va kulguli rasmlar. O‘zbek tilidagi kulgu markazi!

Ежедневно только отборные анекдоты, смешные картинки. Кузница юмора на узбекском языке!

latifa.uz

Valyutani yuqori kursda almashtirish uchun yaqin punktlarni aniqlab beruvchi servis. Punkt joylashuvini kartada ko‘rsatadi.

Сервис, помогающий найти ближайшие пункты обмена валюты с выгодным курсом. Покажет местоположение пункта прямо на карте.

onmap.uz

O‘zbekcha telegram kanallarining eng katta katalogi. Faqt faol kanallar, ruknlarda va batafsil statistikasi bilan.

Самый большой каталог телеграм каналов в Узбекистане. Только активные каналы по категориям и с подробной статистикой.

uztelegram.com

O‘zbek tilida savodli yozishni biz bilan boshlang.

С нами вы научитесь грамотно писать на узбекском языке.

sarlavha.com

O‘zbek tilining sinonimlar lug‘ati. Saytda 3300 tadan ortiq so‘zlar, 900 ga yaqin sinonim so‘zlar to‘plamiga jamlangan.

Словарь синонимов узбекского языка на нашем сайте содержит более 3300 слов и 900 синонимов.

sinonim.uz
Izoh.uz сайтининг базасида жами 35 855 та сўз бор
© Izoh.uz — Ўзбек тилининг изоҳли луғати, 2024
Obuna ва GoodGroup лойиҳаси. 18+