тузат
билан улашинг
1. Саранжом-саришта қилмоқ, тартибга солмоқ.
-
Нури хўрсинди, сочларини, ғижим рўмолини тузатди. Ойбек, Танланган асарлар
-
Мастура опа ана шу хаёллар билан уйга кириб ё тарелканинг ўрнини алмаштирар, ё стулни тузатиб қўярди. Р. Файзий, Шоҳи дарпарда
-
Водопровод ўтказамиз, деб қазиб кетишган эди, бир йил бўлди, тузатмайдилар. С. Сиёев, Ёруғлик
2. Бузилган, ишдан чиққан нарсани тикламоқ, фойдаланишга, ишлатишга яроқли ҳолга келтирмоқ.
-
Кеча бир кампир телевизорни қолдираётиб, тезроқ тузатиб беринглар деб илтимос қилган. Т. Ашуров, Оқ от
-
Тегирмони бузилиб кетган экан, тузатди. А. Қаҳҳор, Асрор бобо
-
Лоақал ўн беш сўм турадиган қовунни тўрт ярим сўмга сотсин, буни ҳам бировнинг аравасини туза-тишга тўласин. Ойбек, Танланган асарлар
3. Бартараф қилмоқ, тўғриламоқ.
-
Хатони ўзлари қилиб, тузатишни сиздан талаб қилсалар, инсофданми ахир! Ш. Рашидов, Бўрондан кучли
-
Айбни ўзим қилдим, ўзим тузатишим керак! Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
4. Нуқсон-камчиликларни йўқотиб яхшиламоқ, дурустламоқ.
-
Талаффузни тузатмоқ. Аҳволни тузатмоқ.
-
Кичик бир мастер бўлиб чиқарди отин, Тузатди кундан-кунга рўзғор ҳаётин. Ғайратий
-
Майли, сизлар яшанглар, замонни тузатинглар. Ойбек, Танланган асарлар
-
— Камчиликни тузатиш мумкин! — Албатта мумкин, Тўлқинжонни ҳам тузатиш мумкин. Ф. Мусажонов, Ҳури
5. Касалликдан, хасталикдан халос қилмоқ, даволамоқ, шифоламоқ, шифо бермоқ, касалини аритиб соғайтирмоқ.
-
Ибн Синога касалнинг жони чиқмаган бўлса, бас экан, тузатар экан. Ойбек, Танланган асарлар
6. сўзлашув тили Гап билан бопламоқ, қаттиқ изза қилмоқ, уялтирмоқ.
-
Юзма-юз туриб, Шайхулло домуллани шундай тузатдики, ер ёрилса, кириб кетгудай бўлди. Ш. Тошматов, Тонгдаги кўланка
7. айнан Тузамоқ 1.
-
Ҳанифа айвоннинг тах-монидаги янги кўрпачаларни хонтахта атрофига ёзди, дастурхон тузатди Ҳ. Ғулом, Феруза
ТУЗАТ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
TUZAT сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
тузат сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар