уч
билан улашинг
1. Қанот воситасида ҳавода ҳаракатланмоқ, қанот қоқиб, бирор томонга йўналмоқ; парвоз қилмоқ.
-
Қуш қаноти билан учиб, қуйруғи билан қўнар. Мақол
-
Баҳор ҳидидан бесаранжом бўлган қарғалар қағиллаб далалар устида учарди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
2. Махсус механизмлар, аппаратлар ёр-дамида ҳавода бир томонга йўналмоқ; парвоз қилмоқ.
-
Баландда, юлдузли кўкда, қаёққадир самолётлар учиб ўтди. Ойбек, Қуёш қораймас
-
Асад модели эса, Тик ва тез учар эди. Т. Тўла
3. Елмоқ, эсмоқ (шамол ҳақида).
-
Меъморнинг диққатини кенг ва ям-яшил дала, ғир-ғир учаётган шабада, адирлардаги қип-қизил гилам лолалар тортса ҳам Мирмуҳсин, Меъмор
4. Шамол, зарб ёки бошқа нарса таъсирида ҳавода бирор йўналишда ҳаракатланмоқ.
-
Ҳавода момиқ оқ толалар арғамчи бўлиб учиб юрарди. Газетадан
-
Тепада руҳни суғуриб олаётгандек хунук инграб учган снарядлар атрофда ёрилмоқда. Ойбек, Қуёш қораймас
5. кўчма Ҳавода кезмоқ, парвоз қилмоқ (мавҳум нарсалар ҳақида).
-
Куй узоқдан, бойникидан учар эди. Ойбек, Танланган асарлар
-
Ёдимдадир аччиқ дардларим каби Фазоларда учар хаёлим. Р. Парфи
-
Қўшиқ учар эди кўк-да беармон. А. Орипов, Юртим шамоли
6. кўчма Жуда катта тезликда ҳаракатланмоқ.
-
Тепаликка учиб чиқаётган отнинг туёғи ердан бош кўтариб, бугун-эрта очилай деб турган лола ғунчасини эзиб, янчиб ўтди. П. Қодиров, Юлдузли тунлар
-
Машина шиддат билан қалтис тоғ йўлидан учиб кетди. Газетадан
-
поезд чўлдан кўм-кўк водийга бирдан учиб кираркан фарғоналик аскарнинг кўзларидан ихтиёрсиз равишда қайноқ ёш томчилаган эди. Ойбек, Олтин водийдан шабадалар
7. Қор, муз устида сирпанмоқ, тойғаноқ отмоқ.
-
Чанада учмоқ.
-
Момиқ қор кўрпасига бурканган Чимён тоғлари бағрида ёшлар чанғи учишмоқда. Газетадан
8. Мавжуд еридан узилиб отилиб кетмоқ.
-
Тоғдан учган катта-катта тошлар. Бола мотоциклдан учиб кетди.
-
Соқолли солдат от тагида қолди, униси отдан учиб, юмаланиб кетди. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
9. Синиб узилмоқ, синмоқ.
-
товоқнинг жиндай жойи учган экан. Муштум
-
Шишаси ярмидан учган кичкина лампани тутатиб, ёлғиз ўтирар эди. Ойбек, Танланган асарлар
-
синган, чети учган, чегали пиёла, чойнаклар. Ойбек, Болалик
10. Асаб ёки бошқа таъсир сабабли пирпирамоқ, титрамоқ (лаб, киприк каби аъзолар ҳақида).
-
Онаси тебраниб қўйди. Қовоқлари пир-пир учди. Ж. Абдуллахонов, Орият
-
Бу боланинг бир қадар ўзини мустаҳкам тутиши Толиб акага ёқмади, лаби асабий учди. Ф. Мусажонов, Ҳиммат
-
Оғзининг икки чеккасида зулукдай осилиб турган йўғон мўйловлари бир-икки учди. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
11. кўчма Берилмоқ, қизиқмоқ, асири бўлмоқ (асоссиз, номақбул равишда).
-
Ширин гапга учма, мақтаганни қучма. Мақол
-
[Рашида] Курсдоши Темурнинг енгилтак гапларига учди-ю, Рўзиматни бутунлай унутди. Тўлқин, Оғир эслаш
-
[Элдор:] Дарвоқе, Райҳоннинг нимасига уча қолдим? Ж. Абдуллахонов, Тонг ёришган соҳилда
-
Ақлли одамлар мақтовли ва баландпарвоз сўзларга учмайдилар Н. Сафаров, Оловли излар
12. Кайф таъсирида эс-хушини йўқотмоқ, ўзидан кетмоқ.
-
Афанди бўза ичиб, учиб қолибди. Муштум
-
Маъмуржон кўчадан ичиб келган эканми, юз грамм шампанни отди-ю, учиб қолишига сал қолди. Ш. Холмирзаев, Тўлқинлар
13. Айрим сўзлар билан қўлланиб, шу сўзлар англатган нарсанинг йўқ бўлиши (йўқолиши), кетиши маъносини билдиради.
-
Баракаси учмоқ. Ҳуши бошидан учмоқ. Кайфи учмоқ.
уч сўзи қатнашган жумлалар:
Елга (ёки ҳавога, осмонга) учмоқ
-
Эҳ, аттанг, орзулар учди ҳавога, Англамай йўлиқдим бу бедавога. Я. Қурбон, Меҳрим ва қаҳрим
Кўзим учиб тургани йўқ ёки кўзим учиб турувди
-
Келибдилар-да сизни кўрамиз деб кўзимиз учиб турувди! А. Мухтор, Опа-сингиллар
УЧ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
UCH сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
уч сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар