йўл
билан улашинг
1. Одамлар, жониворлар ва бошқалар нарсалар қатнови натижасида ер сатҳида из босилиб ҳосил бўлган узун, давомли қисм, қатнов қисми.
-
Сўқмоқ йўл. Қирдаги ҳар то-монга кетган йўллар.
-
Йўл адирнинг энг ётиқ еридан тушган бўлса ҳам, Турғуной тиззасини ушлаб, зўрға қадам босарди. А. Қаҳҳор, Мастон
-
Чўлнинг йўли ингичка Бойчечак
-
Довон орқали битта от йўли бор, холос. Шу тор йўлдан Афғонистонга ўтса ҳам бўлади. К. Яшин, Ҳамза
2. Умуман, кишилар ёки транспорт кат-нови учун махсус белгиланган ер бўлаги.
-
Автомашина қатнайдиган йўл. Асфальт йўл. Тош йўл. Узоқ йўл.
-
Машина йўлини кесиб ўтаётган подага сигнал берганда, чўчиб ўзига келди-ю, атрофга қаради. С. Аҳмад, Юлдуз
-
Меҳмонхона ёнидаги ер ости йўлидан ўтиб, гулзор майдонга чиқишди. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
3. Кема ва самолётлар қатнаши учун махсус белгилаб қўйилган йўналиш, трасса.
-
Сув йўли. Ҳаво йўли.
4. Йўналишдаги ҳаракат жараёни, йўлда давом этаётган юриш.
-
[Хотин] Кумушга қараб давом этди: Ану кунги сўзингиз билан, йўлдан қайрилиб кирган эдим. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Ўрмонжон йўл бўйи гапирмади А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
-
Мен унинг учун бир зиёратчи, назрини бераман-у, йўлимга кетавераман. К. Яшин, Ҳамза
-
— Зарари йўқ, — деди Меъмор. — Буни йўл машаққати деймиз. Мирмуҳсин, Меъмор
5. Юриш, қатнов йўналиши.
-
Биров Хотинингни уканг никоҳлаб олди, уйга бормай қўя қол! деган экан, у ҳам йўлни бошқа ёққа солдириб кетибди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
6. Бирор жой, маконга саёҳат ёки бошқа мақсадда қилинадиган юриш; сафар.
-
Йўл анжомлари. Йўлга ҳозирланмоқ. Йўлга чиқ-санг, йўлдошинг бўлсин. Мақол
-
[Отабек] Бу сўроқни ўз-ўзига ҳам бериб кўрмаган, гўё бурунгидек Марғилон йўлига ошиқиб ҳозирла-нар эди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Шоҳ Машраб йўлга чиқсалар, худонинг қудрати билан, ернинг таноби тортилиб, йўл қисқарар экан. Ойбек, Танланган асарлар
7. Босиб ўтиладиган оралиқ; масофа.
-
Бундан буён мотоцикл йўлингизни яқин қилади. С. Анорбоев, Тўрткўзнинг бошидан кечирганлари
-
У Миён Қудрат ҳазратни зиёрат қилиш учун озмунча йўлни пиёда босиб келдими? К. Яшин, Ҳамза
8. Маълум бир транспорт воситаси учун йўналиш қурилмаси.
-
Темир йўл. Трамвай йўли.
-
Поезд йўли майда тош, Бойнинг қизи қаламқош. Бойчечак
9. Айрим нарсаларнинг йўналиш чизиғи, жой оралиғи.
-
Нафас йўли. Сийдик йўли. Хас-хашаклар сув йўлини тўсиб қўйибди.
10. Бирор нарсага, юзага тортилган, туширилган чизиқ, из.
-
Бир йўли оқ, бир йўли мошранг беқасам.
-
Эшикда тиккасига оқ ва қора йўллардан иборат пижама кийган, бошяланг Азимбоев кўринди. Гулдаста
11. Қатор, сатр; мисра.
-
Бир неча йўл хат.
-
[Анвар Раънога:] Менинг ёзганимни сен уят қилмасанг, мен ҳам сенинг ёзганингни уят қилмайман. Лекин шарт шуки, менинг икки йўлимга жавоб бўлсин. А. Қодирий, Меҳробдан чаён
12. кўчма Бирор нарсанинг йўналиш, келиш-кетиш оқими, йўналиши.
-
Ҳаёт ўз йўлидан борар, баҳор болаларга ўз қувончи, ўз шодликларини сахийлик билан тақдим этган эди. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
-
Ҳамза ҳақиқат йўлидан, маърифат йўлидан, Фурқат васият қилган йўлдан боради. К. Яшин, Ҳамза
13. Фаолиятда амал тарзи, қилинадиган, тутиладиган иш-амал.
-
Ҳозир сенларга икки йўл: ўғил, қизингни сотиб бўлса ҳам, ўттиз икки тангани Азизбек хазинасига тўлаш ёки эс борида этакни ёпиб, Азизбекни орадан кўтариш А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Тақдирдан шикоят қилмадим сира, Сизга ҳам шу йўлни маслаҳат кўрдим. Шуҳрат
-
Иккисининг йўли ҳам гумроҳликдан бошқа нарса эмас. Бири йиғиб ўлган, бири еб ўлади. Ойбек, Танланган асарлар
14. Куй, қўшиқ ва шу кабиларда ўзига хос усул.
-
Орзу-ю армонимни шеърий йўлда қайтадан Сўзлаб турибман, балки ёшлик бўлиб баҳона. А. Орипов
-
Зеби кириб, майда йўллардан бирини олди. Дуторнинг овозига эндигина ўз овозини қўшаман деганда, ташқаридан мингбошини чақирдилар. Чўлпон, Кеча ва кундуз
15. Имкон чораси.
-
Ҳеч бўлмаса, жонни сақла эди сен, Бир йўл топиб қочмоқ керак бу элдан. Ҳ. Олимжон
-
Содиқжон бойвачча чангалига тушган қизнинг кимлигини билгиси келди. Аммо сўраб билишнинг ҳозир асти йўли йўқ эди. К. Яшин, Ҳамза
16. кўм. взф. (асосан ўрин-пайт келишигида — йўлида) Сабаб, мақсад каби маъноларни билдиради; бора(си)да, учун.
-
Кимики халқ йўлида, халқ ғамида тер тўкса, қўли ҳамма ерда баланд бўлсин М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
-
Шунинг учун ҳам сенга етишмоқ йўлида жонни хатарга қўйиб, кеча-кундуз югурганман-да К. Яшин, Ҳамза
-
Ўқувчиларни жўшқин меҳнат фаолиятига тайёрлаш йўлидаги изланишларимиз ҳозирнинг ўзида ўз самарасини бермоқда. Газетадан
йўл сўзи қатнашган жумлалар:
Йўл бермоқ
-
Мансур пастак эшикни очиб, Гавҳарга йўл берди. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
-
Улар меҳнат аҳлини истаганларича ишла-тиб, ҳамёнларини яна ҳам қаппайтиришлари учун авомнинг фикрини очишга йўл бермайдилар. К. Яшин, Ҳамза
Йўл босмоқ
-
Мастон неча километр йўл босганини ва яна неча километр босиш кераклигини билар эди. А. Қаҳҳор, Мастон
Йўл бошламоқ
-
— Юринг, — деди Тальъат йўл бош-лаб. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
Йўл бўлсин?
-
Ҳа, йигитнинг гули, йўлингиз бўлсин? Т. Малик, Ажаб дунё
-
Шеър ёзишга сенга йўл бўлсин.
Йўл кўрсатмоқ
-
Адашган йўловчига йўл кўрсатмоқ;
-
[Ёрмат] Элликбошига ялинди: — Ман ғарибга йўл кўрсатинг. Кимга арз қилай? Ойбек, Танланган асарлар
Йўл олмоқ
-
Тонготарда ҳужрадан чиққан Меъмор карвонсарой ҳовлисини кесиб ўтиб, дарвозадан ташқарига йўл олди. Мирмуҳсин, Меъмор
Йўл солмоқ
-
Яраш полвон тўғри колхоз идорасига йўл солди. С. Сиёев, Отлиқ аёл
Йўл қўймоқ
-
Нимаики иш қилса, одамлар хурсанд бўлишини ўйлаши, сахийлиги биронта кишининг бу қизга ўқрайиб қарашига йўл қўймасди. Мирмуҳсин, Меъмор
-
— Ота, устоз ҳақлар, — деди Ҳамза. — Ҳийлага баъзан шариат ҳам йўл қўяди. К. Яшин, Ҳамза
Йўлга кирмоқ
-
Адолат йўлга кирди дегандан бошлаб топганини сандиққа ташлади. С. Зуннунова, Олов
-
қонига беланган дадангни кўтариб кирганларида, сен йўлга кирган эдинг. Й. Шамшаров, Тошқин
Йўлга солмоқ
-
Бўтабой уни [Содиқни] алдаб-сулдаб йўлга солмоқчи бўлди. С. Аҳмад, Ҳукм
Йўлга тушмоқ
-
[Нури] қовун полизни сайр қилишни баҳона қипди-да, акасининг ўғли Рафиқжон билан бирга йўлга тушди. Ойбек, Танланган асарлар
-
Савод-сизликни тугатиш бўйича ўқиш бир қадар йўлга тушиб олди. К. Яшин, Ҳамза
Йўлга чиқмоқ
-
Взвод ярим тунда йўлга чиқди, разведкага. Т. Рустамов, Мангу жасорат
-
Авзойидан сездики, у шум ният билан йўлга чиққан. Ёшлик
Йўлга қўймоқ
-
Ёшлар ўртасида тарғибот ишларини йўлга қўймоқ.
Йўлдан оздирмоқ
-
Сизнинг мулойим, одобли синглингизни ҳам йўлдан оздиришим мумкин. Мирмуҳсин, Меъмор
Йўлдан тойдирмоқ
-
Мусулмонларни ҳақ йўлдан тойдирмоқчи бўлган шул китобларни ағдар-тўнтар қилиб, кўчага чиқариб ташлагим келди. К. Яшин, Ҳамза
Йўлдан урмоқ
-
Йўқ, энди Менглибойни ҳеч ким йўлдан уролмайди. С. Аҳмад, Юлдуз
-
Тағин мени йўлдан уряпти деб ўйламанг. Сизни яхши кўрганим учун айтяпман. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
Йўлдан чиқармоқ
Йўлдан қайтармоқ
-
Муҳаммадражаб хотини орқали уни шу йўлдан қайтаришга уринди. А. Қаҳҳор, Сароб
Йўли очилмоқ
-
Йўли очилган йигитнинг янгаси олдидан чиқар. Мақол
Йўли тушмоқ
-
Қабристонга тушганда йўлим, Мен шу ғамгин ҳолни кўраман. А. Шер, Қадимги куй
Йўли учун
-
Ёлғизгина қизининг кўз ёшларига юраги доц. беролмадими ёки йўли учун шундай қилдими — Абдураҳмонбой қизини юпатишга тушди. К. Яшин, Ҳамза
Йўлингдан қолма
-
Ёрдам берган бўлсангиз, раҳмат, йўлингиздан қолманг, демайдими қиз. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
Оқ йўл тиламоқ
-
Улар билан чангга ботиб бораётганлигидан мамнун бўлиб, ичида унга оқ йўл тилаб, дераза пардасини туширди. К. Яшин, Ҳамза
ЙЎЛ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
YO‘L сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
йўл сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар