бола
билан улашинг
1. Янги туғилган, ҳали кўкракдан, она бағридан ажратилмаган гўдак; чақалоқ.
-
Бола эмизмоқ. Болани аллалаб ухлатмоқ. Бола йиғламаса, она сут бермайди. Мақол
-
Ўзбек ойим бурчакда бола кўтариб ўтирган Зайнабдан чақалоқни олиб, уни жомни тўкиб келишга буюрди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
2. Ҳали ёш, вояга етмаган одам.
-
Болани ёшдан асра, ниҳолни бошдан асра. Мақол
-
Яхши боладан — раҳмат, Ёмон боладан — лаънат. Мақол
-
Мен куяман боламга, Болам куяр боласига. Мақол
-
Алдагани бола яхши. Қанотли сўзлар
-
— Ҳали бола экансиз, — деди Кумуш. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Анвар келишган, дўндиқ бола эди. А. Қодирий, Меҳробдан чаён
-
Аёл кишининг фазилати бола билан бўлган муносабатида очилади. Ф. Мусажонов, Ҳиммат
3. Фарзанд, ўғил-қиз, зурриёт.
-
Одамнинг меваси — бола. Мақол
-
Бол ширин, болдан бола ширин. Мақол
-
Бола азиз, одоби ундан азиз. Мақол
-
Бир онадан алвон хил бола туғилади, деганларидек, Анварнинг яратилиши оғаларига нисбатан бошқача эди. А. Қодирий, Меҳробдан чаён.
4. кўчма Ёши улуғ, аммо гўдакларча иш тутадиган, болаларча мулоҳаза юргизадиган одам ҳақида.
-
— Нега кўнглимга олмай, мен ёш боламанми! — деди [Кумуш]. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Эй хотин, бола бўлиб қолган-сан десам, аччиғинг келади. Ахир гапнинг охирига қадар тинглаб турмайсанми. Ойдин, Ширин келди
5. (кўпинча 1-шахс эгалик аффикси билан) Ёши катталарнинг ёшларга мурожаат шакли.
-
— Узр айт, болам. Золим билан тенглашма! — деди чол. Ойбек, Танланган асарлар
-
— Меники бедаво дард. Уҳ! — енгил хўрсинди Тоҳиржон. —Ундай дема, болам. Ноумид шайтон. Ойбек, Танланган асарлар
6. Янги туғилган, тухумдан чиққан, ҳали вояга етмаган ёш ҳайвон ёки парранда.
-
Қўнғиз боласини оппоғим дер, кирпи боласини юмшоғим дер. Мақол
-
Илоннинг боласи — илон, Чаённинг боласи — чаён. Мақол
7. Ҳомила, қориндаги гумона.
-
— Боланг неча ойлик бўлди, ер ютгур? — бўғилиб сўради ва қизни бир тепди. Ойбек, Танланган асарлар
-
Меҳри иккиқат. Бола икки ойлик, уч ойлик беш ойлик Қандай қилиб бўлса ҳам, болани тушириш керак. А. Қаҳҳор, Бошсиз одам
бола сўзи қатнашган жумлалар:
Аскар бола
-
Уруш йиллари аскар болаларни йўқлаб турдик. А. Қаҳҳор, Асарлар
Бўз бола
-
Йўлчи қачон келар экан, келганда ҳам нима қиларди, бўз бола, камбағал. Ойбек, Танланган асарлар
Дала (ёки саҳро) боласи
-
Қашқарнинг қизи, жувони олмадай бўлади. Сен саҳро боласига сўзни уқтириш ҳам қийин. Ойбек, Танланган асарлар
Келин бола
-
Ҳожининг “Энди келин болани юбормаймиз-да“, деб келишига: Менинг болам эмас, сизники, у ер ҳам, бу ер ҳам ўзининг уйи, — деди [қутидор]. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
келин болани Тошкентга олиб келишларини сўраган эдим. А. Қодирий, Ўтган кунлар
Куёв бола
-
Совчилар қуда бўлмишларига куёв болани роса мақташибди. Муштум
-
— Куёв бола ёлғиз қолар эканлар-да? — қизнинг ҳаракатлари негадир шофёрга ёқмади. У. Умарбеков, Ёз ёмғири
Кўча бола(си)
-
Нариги уйдан увадаси чиқиб кетган ёстиқни кўтариб Ҳам-дам чиқди: — Ўтир бу ёққа. Хўш, сен нима учун кўча болаларига ўхшаб ахлоқсизлик қиласан? А. Қаҳҳор, Айб кимда?
Ота(си)нинг боласи
-
Отабек хуфтон намози учун таҳорат олишга меҳмонхонадан чиққан эди, унинг кетича: — Отанинг боласи-да, — деб Зиё шоҳичи меҳмонларга қараб қўйди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
Ўғил бола
-
Ўғил болани уриш гуноҳ деб биладиган Умматали бу гал ўзини тутолмади. С. Аҳмад, Уфқ
-
— Мен кишининг хизматини унутадиган йигит эмасман, — деди Ҳомид ва давом қилди, — ўғил бола учун — ўғил болалигим, ёмон учун ёмонлигим бор. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Гапнинг ўғил боласини айтсам, биз тарафда беморларга наридан-бери қарашади. Муштум
Қиз бола
-
Шу ёшга кириб қиз бола билан биринчи марта кинога тушиши эди. Х. Тўхтабоев, Сариқ девни миниб
-
қиз боланинг бунчалик шўх бўлишини биринчи кўришим. Мирмуҳсин, Меъмор
Бола кўрмоқ
-
Орада тўққиз йил ўтди. Булар тўрт бола кўришди А. Қаҳҳор, Бошсиз одам
БОЛА сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
BOLA сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
бола сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар