қабул
билан улашинг
1. Таклиф, илтимос ва шу кабиларга билдирилган розилик, маъқуллаш.
-
Қабул жавоби.
-
Кумуш қабул ифодасини бергандан сўнг, қушбеги даҳлизда қараб турган қўрбошига: — Кирсинлар, — деди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Завқ-сафони тезроқ тотишга интилган Мирзакаримбой эътироз қилса ҳам, ниҳоят, қабулга [никоҳни кечиктиришга] мажбур бўлди. Ойбек, Танланган асарлар
2. Бериладиган, тақдим этиладиган, топшириладиган нарсани олиш; қабул қилиш.
-
Хирмонлар донга тўлиб, ғалла ортган автомашиналар карвони қабул пунктлари томон шошилмоқда. Газетадан
-
Бойсунқур мирзо мадраса қурилишини ниҳоясига етказиш ва тантанали қабул маросимларини ўтказишларига раҳбарлик қилишни устод Қавомдан илтимос қилди. Мирмуҳсин, Меъмор
3. Ишга, ўқишга, аъзоликка, сафга, қаторга ва шу кабиларга олиш, ўтказиш, қўшиш.
-
Институтга қабул бошланди. Курсга қабул тўхтатилди. Қабул имтиҳонлари муваффақиятли ўтди. Қабул комиссияси ишга тушди.
-
— Бу йилги қабулга менинг ҳам бир оз алоқам бор, — деди у — ҳаракат қилиб кўришим мумкин. П. Қодиров, Уч илдиз
4. Суҳбатлашиш, арз ёки шикоятни тинглаш, кўриш ва шу каби мақсадларда кимса ҳузурида бўлиш, ҳузурига чақириш ёки қўйиш.
-
Қабул маросими. Қабул соатлари. Бошлиқ қабулида бўлмоқ.
-
Фаттоҳ Ул-масбеков бугунги қабулни бир амаллаб тугатди-ю, аммо ўзи ҳам букчайиб қолгандай бўлди. Ў. Усмонов, Сирли соҳил
-
Куннинг иккинчи ярмида Ойқизнинг қабул вақти эди. Ш. Рашидов, Бўрондан кучли
-
Врач қабулига биринчи бўлиб ёзилай, деб хўроз қичқирмасдан келгандим. Муштум
5. Эфир тўлқинларини ўзига олиш, ушлаш, тутиш.
-
Қабул қилувчи аппарат. Радиостанция маълумотларни бериб бўлгач, қабулга ўтди.
қабул сўзи қатнашган жумлалар:
Даргоҳида қабул қилмоқ
-
Бемор кўзини очиб, қизчасини ёнига тортди ва пичирлади: — Худо қизимнинг саҳарлари қилган дуосини даргоҳида қабул қилди. А. Қаҳҳор, Бемор
Қабул қилмоқ (ёки этмоқ)
-
Таклифни қабул қилмоқ. Шартини қабул қилмоқ. Узрни қабул қилмоқ.
-
бизларнинг бу раъйимизга қарши тушиб, ҳарчанд рад қилса ҳам, ниҳоятида онасининг сўзини ерда қолдирмаслик учун қабул қилган эрди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Қиз гулдастани қабул қиларкан, мастона кўзларини йигитга тикди. Газетадан
-
Пахтани ўз вақтида қабул қилиш, тозалаш, авайлаб-асраш ниҳоятда зўр масъулиятни талаб қилади. Газетадан
-
Партияга қабул қилмоқ.
-
Азизим Сиз санъаткорлар оиласига қабул қилиндингиз. Муштум
-
бу оғирлик бурундан сармунший бўлган кишининг устидаги қонуний вазифа бўлиб келганликдан кишиларни уйда қабул қилишга Анвар мажбур эди. А. Қодирий, Меҳробдан чаён
-
Қарор қабул қилмоқ. Резолюция қабул қилмоқ. Табрикнома қабул қилмоқ.
-
Бу масала юзасидан қарор қабул қилингандан кейин, иккинчи масалага ўтилди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
-
Космик кема локатори ҳаракатга келиб, тезгина тўғриланиб олди-да, радиодан берилаётган сигналларни қабул қила бошлади. Газетадан
-
Ҳазратим, берган ўгитингизни бебаҳо гавҳар ўрнида қабул қилурмиз П. Қодиров, Юлдузли тунлар
-
Мулла Фазлиддин Хонзода бегимнинг мақтовини ишга оид оддий гаплардек қабул қилмаса, кўнглидаги нозик ҳисларни сездириб қўйса, ўн жонидан бири ҳам омон қолмаслигини сезди. П. Қодиров, Юлдузли тунлар
-
Ислом динини қабул қилган халқлар.
ҚАБУЛ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
QABUL сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
қабул сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар