совуқ
билан улашинг
1. от Паст ҳарорат, паст температура.
-
Совуқ оёқдан урар, Иссиқ — бошдан. Мақол
-
Тошкентдан келган лектор Ойда ҳаёт борми? деган мавзуда лекция ўқиб: — Ойда кечаси юз градус совуқ, кундузи юз градус иссиқ бўлади, — деганди. С. Аҳмад, Уфқ
-
Албатта, йўл яхши бўлиб, жадалроқ юришса, совуқ унча билинмас, лекин из тушмаган йўлдан юриш мушкул. О. Ёқубов, Эр бошига иш тушса
2. от этн. Совуқлик овқатларни кўп истеъмол қилиш натижасида организм фаолиятининг сусайиши.
-
Совуқни оширадиган овқат.
3. Температураси белгили чегарадан паст ёки жуда ҳам салқин, аёз.
-
Совуқ ҳаво. Совуқ кун.
-
Мен эса дарчадан тўниб боқаман, Совуқ куз тунидан маъни чақаман. А. Шер, Қадимги куй
4. сифатдош Ҳарорати, температураси паст.
-
Муздек совуқ сув.
-
Ичкилик деганни совуқ сувдек симирган билан унча кайф қила олмайсиз. А. Қодирий, Кичик асарлар
-
Совуқ шамол оқими ҳам юз терисига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Саодат
5. Иситилмаган, қизитилмаган.
-
Совуқ уй.
-
Театр биноси совуқ, томошабинлар пальто ва қалпоқларда ўтиришарди. Газетадан
-
Совуқ, рутубатли хонамга шу кеч Олиб қайтдим изтиробингни. А. Орипов, Йиллар армони
6. Совиган ёки совитилган, яхна.
-
Совуқ овқат.
-
Қодир уйғонди, у ҳаддан ташқари
-
чанқаган эди, чойнакда қолган совуқ чойни шимириб, атрофига қаради. А. Қаҳҳор, Қанотсиз читтак
7. сфт. кўчма Ўзига жалб қилмайдиган; ёқимсиз.
-
Совуқ одам. Совуқ башара. Ўзи совуқнинг қилиғи ҳам совуқ. Мақол
-
Қулоқдан кирган совуқ сўз Кўнгилга бориб муз бўлар. Мақол
-
Бир вақтлар деҳқонларга, деб ҳавас билан қурдирган бу уй-жой, ғишт ётқизилган кенг супа., кўзига совуқ, ғариб, мунгли кўринди. С. Нуров, Нарвон
-
Қора қишда тўй қилмай, Баттар бўлгур нокас гов, Баччағарнинг аслида Феъли совуқ эдиёв. А. Орипов, Йиллар армони
-
Қўйинг, Нумонжон ака, қиз болани қўлтиқлаб юришни ҳам билмайсиз-а! Бирам совуқ, бесўнақайсиз. М. Бобоев, Гўзаллик истаб
8. Кўнгилга ёқмайдиган, хуш келмайдиган; қўпол, дағал.
-
Совуқ ҳазил. Совуқ жавоб. Совуқ муомала.
-
[Йигит] Даврон томон яқинлашаркан, совуққина илжайганча: — Одамни қўрқитиб юбордингиз, ока, — деди. Н. Қиличев, Чиғириқ
-
Пўлат у [Ҳусниддин] билан жуда совуқ саломлашди — энсаси қотиб, қўлининг учини берди. Мирмуҳсин, Қаҳрамоннома
9. Ёқимсиз, кўнгилсиз, нохуш.
-
Совуқ хабар.
-
Ёдимга унинг ўша қисқа, лекин менинг энг азиз ҳис-туйғуларимни янчиб таш-лаган совуқ мактуби тушди. О. Ёқубов, Икки муҳаббат
-
Машриқий бу совуқ хабарни эшитгач, бағри ўтда ёниб, нима қилишини билмай, Сурия билан бирга тушган расмидан Сурияни қирқиб олиб, ёқиб юборди. Мирмуҳсин, Қаҳрамоннома
совуқ сўзи қатнашган жумлалар:
Совуқ емоқ (ёки қотмоқ)
-
Бировнинг ишига саратонда қўл совуқ қотади. Мақол
-
Кун иссиқ, пиджаксиз кетай дейман-у, кечасига қолсам совуқ емай, деб қўрқаман. Шуҳрат, Шинелли йиллар
Совуқ олмоқ (ёки урмоқ)
-
Эндигина авж олаётган ниҳолларни бир кечада совуқ урди. Газетадан
Қуруқ (ёки қора) совуқ
-
Тошкентда ўткир қуруқ совуқ! Соқолларда, мўйловларда, киприкларда қиров. Ойбек, Танланган асарлар
-
Бир тундаёқ қора совуқ ғўзани урган эди. Ойбек, Олтин водийдан шабадалар
Совуғи ошди
-
Совуғинг ошса — давлат, Иссиғинг ошса — қиёмат. Мақол
-
— Сут-қатиқларинг совуғимни ошириб юборяпти. Шаҳарда бозор яқин эди, асал олдириб турардим, — деди. Ҳ. Назир, Сўнмас чақмоқлар
-
Ўзимиз ҳам етимваччалар орасида хўп чидам билан ўқидик-да, а? Қайси бирини кўрмай, ҳали ҳам совуғим ошади. П. Турсун, Ўқитувчи
Турқи (ёки сўхтаси) совуқ
-
Э, мени энди кўраяпсизми, Муяссархон, эски билганингиз сассиқ чол — сўхтаси совуқ Назар Яхшибойман-да. М. М. Дўст, Лолазор
Совуқ уруш
СОВУҚ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
SOVUQ сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
совуқ сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар