тўғри
билан улашинг
1. Эгри эмас, қинғир ери йўқ; тик, адил.
-
Тўғри чизиқ. Тўғри сим. Тўғри ёғоч.
-
(Кумушнинг] Тўғри қоматига ердан бичиб олинган мудҳиш хотиннинг қўллари зўрға етди-да, эсонмисиз, омонмисиз, пошша-қиз, деб сўрашди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Эҳтиёт юзасидан [Йўлчи\ тўғри йўлни қўйиб, айланма йўллар билан намозгар вақтида Шоқосимникига [Гулнорни] бошлаб келди. Ойбек, Танланган асарлар
-
Мирзакаримбойнинг ери охирида баланд, тўғри ўсган, учлари бир-бирига туташган қатор тераклар жим-гина титрайди. Ойбек, Танланган асарлар
2. Хатодан холи, янглиши, нотўғри ери йўқ; бехато.
-
Тўғри жавоб. Тўғри фикр. Тўғри маслаҳат. Масалани ечишнинг тўғри йўли. Аслига тўғри нусха. Билмагандан билган яхши, Тўғри ишни қилган яхши. Мақол
-
— Бир нарсага олдиндан ҳукм этиш тўғри эмас, Абдишукур, — салмоқлаб деди Мирзакаримбой. Ойбек, Танланган асарлар
-
Бундай жойларда ҳамма вақт ҳам кўз билан тўғри чамалаб бўлмайди. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
3. кўчма Ҳақиқатдан иборат; чин, рост, ҳақ.
-
Тўғри ҳукм. Тўғри тил тош ёрар, Эгри тил бош ёрар. Мақол
-
Тўғри сўзнинг тўқмоғи бор. Мақол
-
Бошингга қилич келса ҳам, тўғри сўзла! Мақол
-
Тўғри гапим туғганимга ёқмайди, деганлари бежиз эмас экан-да. Н. Сафаров, Соҳиб чангал
4. Белгили талаб, қоида ва шу кабиларга жавоб берадиган; мос келадиган; қоидали.
-
Кетмонни тўғри ушла. Эгри кўчада юрсанг ҳам, тўғри юр. Мақол
-
Мен тўғри ўқий олмасам, тунов кундагидек куласиз. А. Қодирий, Меҳробдан чаён
5. Қувлик-шумлик, қинғирлик ва шу кабиларни билмайдиган; одоб, ахлоқ доирасидан чиқмайдиган, унга зид иш тутмайдиган; ҳа-лол, виждонли, инсофли.
-
Тўғри одам. Тўғри аёл. Тўғри киши тили эгридан ор қилади. Мақол
-
Дили тўғрининг — тили тўғри. Мақол
-
Эгри озар, тўғри тўзар. Мақол
-
Суриштирсанг, ҳамма бой бир текисда инсоф-сиз. Тўғри одам бой бўлмайди шекилли, ман ўзим шу фикрдаман. Ойбек, Танланган асарлар
-
Бизнинг кўзимизга совуқ кўринган қипчоқвачча Нормуҳаммаднинг эл учун қилиб турган тўғри хизматини мен ўз умримдаги Тошкент беклари орасида биринчи мартаба кўраман. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Оғайни, бизга тўғри тошингизни қўйсангиз бўлар эди. Н. Сафаров, Ҳаёт мактаби
6. Тўғридан-тўғри амалга ошириладиган, бўладиган; бевосита, воситасиз.
-
Тўғри сайловлар. Тўғри солиқлар.
7. равиш (урғу биринчи бўғинда) Тўғридан-тўғри, тўппа-тўғри, бошқасига, бошқа томонга чалғимай.
-
Меҳмонлар тўғри бизникига тушди. Тўғри раиснинг ўзига учрашдим.
-
Насияга бўлса ҳам гўштнинг лаҳим жойларидан еган яхши бўлар экан-у, кейин ҳақини тўлашни билмай гаранг бўлиб, кўчадан тўғри ўтолмай юрган ёмон экан. П. Турсун, Ўқитувчи
-
— Бу киши ҳидлаб ўтирмайди, тўғри ейди-қўяди, — деди ва қойил қилганига ишониб, ҳаммадан баландроқ қаҳқаҳа урди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
8. крш. с. Дуруст, ҳақиқатан ҳам, дарҳақиқат.
-
Тўғри, жон ширин, ҳар ким ўз жонини аяйди, лекин одамнинг юрагида бошқаларга меҳр бўлиши керак. Ойбек, Танланган асарлар
9. (эгалик, ўрин-пайт ва чиқиш келишиклари шаклларида — тўғрида, тўғрисида, тўғрисидан) Оидлик, тегишлилик, сабаб, макон каби маъноларни билдиради; ҳақида, юзасидан, сабабли, жиҳатдан.
-
Бу тўғрида раҳбарлар билан маслаҳатлашмоқ. Пул тўғрисидан бир оз қийналиб қолибди. Эртага бўладиган мажлисдаги масалалар тўғрисида келишиб олдик.
-
Фазлиддин бу кеча хурсанд эди. Ҳар тўғрида сўзлар, кулар эди. Ойбек, Танланган асарлар
-
Сизни сиртдан танирдим, сиз тўғрингизда кўп эшитганман. К. Яшин, Ҳамза
-
Тўлаган бинокорлик тўғрисида бир гапга тушиб кетса, уни тўхтатиш хийла қийин эканини билгани учун Бўтабой ҳам қўйиб берди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
тўғри сўзи қатнашган жумлалар:
Тўғри бўлмоқ
-
Йўл тўғри бўлди;
-
Тўғри бўлса бу гаплар, Турмай қанот қоқайин. Бутун вужудим билан Бир сел каби оқайин! Ғайратий
-
Бу тўғрида раисимизни танқид қилиш бир томондан тўғри бўлса, иккинчи томондан тўғри эмас. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
-
Тўғри бўлсанг, ўсиб бориб, гул бўла-сан, Эгри бўлсанг, ўсиб бориб, кул бўласан. Мақол
-
Сен тўғри бўлганингда, бу таъналар нима эди менга! Н. Сафаров, Ҳаёт мактаби
-
Бир маҳал Соли совуқ, икки букилиб, мингбошига тўғри бўлди. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
Тўғри келмоқ
-
— Бу гап ҳақиқатга тўғри келмайди. Ақлга тўғри келмайдиган иш. Уйдаги гап бозорга тўғри келмайди. Мақол
-
Қабул бўлмаган дуо учун мени гуноҳкор санайсизларми? Бу дуруст эмас, бу шариатга тўғри келмайди. С. Айний, Қуллар
-
Пальто бир номер катта, менга тўғри келмайди. Этик оёғимга тўғри келди;
-
Ҳамроев кечки овқатдан кейин бирпас чўзилмоқчи бўлган эди, тўғри келмади: нариги уй тўполон — болалар бир-бирини ёстиқ билан уриб ўйнаётибди. А. Қаҳҳор, Айб кимда
-
— Ўғлим, — деб қичқирди кулиб дадаси, — кимники олди? — Тоҳир гупчакнинг жийрони. От боласи унга тўғри келмас экан. Ойбек, Танланган асарлар
-
Тўғри келган киши билан саломлашмоқ.
-
Икки томондан тешишга-ку тешамиз, тўғри келмай қолса нима бўлади? М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
-
Ишқилиб, Абдулла поччамнинг зиёфатига тўғри келмасин. Ойбек, Танланган асарлар
-
[Отабек] Саройдан анча узоқлашган эди, қаршидан келувчи Раҳматни кўрди ва чор-ночор сўрашмоққа тўғри келди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
Тўғри қилмоқ
-
Дарё ўзанини тўғри қилдик;
-
Ўқишга кириб тўғри қилдинг;
-
Чатоқ ишларни менга тўғри қилаверинг.
-
Ҳали ҳам сиз қуруқ қолмайсиз, умидим борки, сизни Вобкент қозилигига тўғри қилсам. С. Айний, Қуллар
ТЎҒРИ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
TO‘G‘RI сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
тўғри сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар