юқори
билан улашинг
1. Бирор нарсанинг энг устки қисмида жойлашган; тепадаги, баланддаги, устки.
-
Бинонинг юқори қавати. Булутнинг энг юқори қатламлари.
-
[Мулладўст:] Пастки жағи юқори жағи билан эртадан кечгача муштлашгани-муштлашган. Ҳамза, Майсаранинг иши
-
[Қиз] Белини қизил камер билан шундай сиқиб боғлабдики, икки бўлак одамга ўхшайди. Агар жиндек эгилса, юқориси тушиб кетадигандек. С. Аҳмад, Мўтти
-
Заврак билан Зулфиқор юқорида ғишт теришарди. Мирмуҳсин, Меъмор
2. Бинонинг ёки бирор иншоотнинг устки қавати; болохона.
-
Қори ўрнидан турди, бошқа ҳеч нарса демай, бошини қуйи солганича, битта-битта қадам босиб, юқорига чиқиб кетди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
3. Бирор ерга нисбатан баланд ўрнашган жойлар; баланд томон; баландлик.
-
Аҳмаджон ҳеч нарсага қарамай, полизма-полиз юқорига қараб кетди. А. Қаҳҳор, Олтин юлдуз
-
— Сувни уч-тўрт чақирим юқоридан икки ёғига чим босиб, кўтариб келиш лозим бўлади, — деди [Амин бува]. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
-
Катта ер юқорида, шу ердан бир соат мўлроқ юрасиз, у ерда нуқул пахта унади. Ойбек, Танланган асарлар
4. Ер, шахс ёки нарса устидаги бўшлиқ; тепа.
-
Қуюқ тутун юқорига ўрлаяпти.
-
Қайтиши ҳамон юқоридан учиб ўтган бир-икки мошак қушнинг чев-чев деган товушини эшитиб, кўкка қаради. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Шар дақиқа сайин катталашар, юқорига кўтарилар эди. Газетадан
-
Олатасир бошланди, юқоридан дўлдек ёғила-ётган ўқдан душман ўзига келди. Газетадан
5. Хонанинг эшикка нисбатан қарама-қарши томони; одатда ҳурматли кишилар ўтирадиган томони; тўр.
-
Сидиқжон пойгакка бир оз силжиб, уни [Зуннунхўжани] тўрга таклиф қилди: — Қани., юқорига. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
-
Меҳмонни юқорига ўтқазиб, дарҳол ўғлига дастурхон ёзишни буюрди. Мирмуҳсин, Меъмор
6. Миқдор, сифат ва шу кабилар жиҳатдан меъёрдан, мавжуд ҳолатдан ортиқ, ортиқ даражали.
-
Юқори баҳо. Юқори босим (тиббиёт, физика) Юқори маданият. Юқори малака. Юқори сифатли моллар. Юқори нав пахта. Юқори ҳарорат. Юқори ҳосил.
-
Қиш бўлишига қарамай, ҳавонинг тафти юқори, осмон мусаффо. Газетадан
-
Мактаб ислоҳоти ўқитувчилик касбининг обрў-эътиборини юқори кўтарди. Газетадан
7. Нисбатан устун.
-
[Отабек] Унинг ҳусндагина эмас, ақлда ва бошқада Зайнабдан неча баравар юқорида эканини ўйлади. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Йирик заминдорлар, сармоядорлар учун ўз манфаати, ўз фойдасидан юқори нарса йўқ. Ойбек, Нур қидириб
-
Бизнинг жамиятимизда инсон нурдек покиза, нондек азиз, у ҳар қандай бойликдан юқори туради. Газетадан
8. сўзлашув тили Вазифа, мавқе ва шу кабилар жиҳатдан юқори, етакчи бўлган (ташкилот, орган ва бошқалар).
-
Юқоридан олинган буйруққа биноан иш кўрмоқ. Юқоридан берилган топшириқ. Юқоридан келган вакиллар.
-
— Қани., ҳа, ундан кейин ўртоқлар, — деб яна изоҳ берди Алимқул, — қўл қўйиш масаласида менга юқоридан ҳам, пастдан ҳам бир оз гап тегиб қолаётибди. П. Турсун, Ўқитувчи
-
Сизга кичик офицер унвонини бериш ҳақида юқорига ёзма хабар берганмиз Назармат, Жўрлар баланд сайрайди
9. Ўқувчилари ўқиш муддатини битиришга яқинлашиб қолган, ўқиш муддатининг сўнгги йилларидаги (синф, курс ва шу кабилар ҳақида).
-
Юқори курс талабалари.
-
Фақат юқори синф шогирдларидан бир нечаси адил, юксак пальма дарахтлари остида нималардир тўғрисида жимгина, лекин жиддий суҳбатлашмоқда эдилар. Ойбек, Нур қидириб
10. (ўрин-пайт келишиги шаклида — юқорида). Воқеалар баёнининг олд (юқори) қисмида.
-
Юқорида биз ёш Хушрўй билан ўқувчини бир дара-жа таништирган эдик. А. Қодирий, Ўтган кунлар
ЮҚОРИ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
YUQORI сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
юқори сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар