иссиқ
билан улашинг
1. от Жисм таркибидаги молекулалар ҳаракати (ёниш, кимёвий реакция ва шу кабилар) натижасида юзага келадиган ва жисмларни қиздирадиган, иситадиган кинетик энергия; иссиқлик, ҳарорат. Қуёшнинг иссиғи. Оловнинг иссиғи.
-
Иссиқ бирмунча бўшашгандек туюлса ҳам, димлик заптида эди. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
-
Шарофатхон супанинг четига келиб ўтирди, оқ шоҳи рўмоли билан елпиниб, иссиқдан шикоят қилди. Ойбек, Танланган асарлар
2. от Касалликда юзага келадиган (кўтариладиган) ҳарорат; иситма.
-
Офтоб ойим эрининг сўзини кучлаб тушди: Иссиғи бор, юзи ҳам қизариб, бўртиб турибди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Иссиғим кўплигидан сув устига сув ичар эдим. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
3. сифатдош Юқори ҳароратли, бирор манба ҳарорати билан исиган, қизиган; иссиқ ҳолатли.
-
Иссиқ сув. Ҳаво иссиқ.
-
Шундоқ иссиқ кунда қора кўйлак кийишидан азадорлиги билиниб турарди. С. Аҳмад, Уфқ
-
Шербек унинг қўлини иссиқ кафтлари орасига олди. С. Анорбоев, Оқсой
4. сифатдош Иссиқликни сақлайдиган, иссиқ тутадиган.
-
[Эгнида] Иссиқ ва янги пальто, оёғида ичи жун ботинка, қоракўл қалпоқ, қорни тўқ. Мирмуҳсин, Умид
-
Иссиқ кийинган йўловчилар дам-бадам бурун ва қулоқларини ушлаб, ўз ташвишлари билан югуриб-елардилар. Ў. Усмонов, Сирли соҳил
5. от Қозон овқати, пиширилган (иссиқ) таом.
-
Яхшиям шу қўшнинг бор экан, дугонанг. Бошим ёстиққа тегганда, ўзи, болалари ўтиб, бир қошиқ иссиқ қилиб беради, дўхтир чақириб келади. С. Нуров, Нарвон
-
Кечадан бери [Кумушнинг] ичига иссиқ киргани йўқ. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Ҳаммамиз деярли ҳар кун бир қошиқ иссиққа муҳтожмиз. А. Қодирий, Кичик асарлар
6. сифатдош Кўчма Кишига хуш келадиган; ёқимли.
-
Юлдузхон унга енгилгина бош ирғади ва бир кулиб қарадики, Муҳиддин шу вақтгача қизлар кулгисининг бу қадар жозибали, чиройли, иссиқ бўлишини сира учратмаган эди. Р. Файзий, Чўлга баҳор келди
-
Луқмонча худди юмалагандай югуриб, медпунктга кириб бораркан, Элчибек уни чақириб, бир иссиқ гап айтгиси келди. А. Мухтор, Туғилиш
иссиқ сўзи қатнашган жумлалар:
Иссиқ жой (ёки ўрин)
-
Мавлон билан Наврўз ўз иссиқ жойларини ташлаб колхознинг пахтасини ғайрат билан тераётган ёшларнинг ишларидан ҳайрон қолдилар. С. Айний, Қуллар
-
Сабаби бўлмаса, ким иссиқ ўрнини ташлаб, қум тепаликлари орасида саргардон бўлиб юради! Мирмуҳсин, Меъмор
Иссиқ жон
-
Иссиқ жон. Мен оғриб ётарман, бир қошиқ сувга муҳтож бўларман. А. Қодирий, Меҳробдан чаён
-
Иссиқ жон дейдилар, жон бўлса бўлар, Пайт келса, чечак ҳам сарғаяр, сўлар. А. Орипов, Йиллар армони
Иссиқ уриши (ёки элитиши)
-
Ёзда, саратонда ёки иссиқ бинода узоқ ишлаганда, иссиқ элитиши мумкин. ЎзМE
Иссиғида
-
Бува наридан-бери чойини ичиб, яна йўлга тушди. Омонатни иссиғида эгасига топшириш керак-ку. Мирмуҳсин, Бир хумча тилла
-
Ё бу уйдан иссиғида кетинг, ё хулқингизни тузатиб олинг! Ҳ. Ғулом, Тошкентликлар
Истараси иссиқ
-
Дадаси дейман, дўстингиз Олимжонни жуда мақтаб юборди-ю қизингиз бир нарсани билар экан-да, ҳайтовур, шу йигит кўзимга иссиқ кўринган эди. О. Ёқубов, Чин муҳаббат
-
Ҳой, менга қаранг, кўзимга иссиқ кўринасиз. Ёпирай, Карим ака, мени танидингизми? Н. Сафаров, Шарқ тонги
Одамнинг юзи иссиқ
-
Маҳмуд бобо бошлиқни топиб олиб, боплаб сўкмоқчи эди. Лекин одамнинг юзи иссиқ-да, унга дуч келиб, кўзлари кўзига тушгач, анча бўшашди. Газетадан
Темирни иссиғида босмоқ
ИССИҚ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
ISSIQ сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
иссиқ сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар