оғир
билан улашинг
1. Вазни катта бўлган, тош босадиган; вазнли, вазмин.
-
Оғир юк. Оғир от. Юки оғир арава. Оғир вазнли курашчи. Олтин кумушдан оғир.
-
Оғир тошни сув элтмас Мақол
-
Яна жимлик ҳукм сурди. Бу сукунат оғир тегирмон тоши бўлиб, мулла Норқўзини янчиб юборди. А. Қаҳҳор, Майиз емаган хотин
-
Бойвачча кавакчадан чўп тиқиб, занжирни туширди, каттагина оғир дарвоза ғурр этиб очилди. Ойбек, Танланган асарлар
2. Кўп куч ёки билим талаб қиладиган; қийин, мураккаб; машаққатли, сермашаққат.
-
Оғир иш.
-
У [Йўлчи] ҳар хил оғир юмушларни қилиб ўрганган бўлса ҳам, тўнка ковламаган эди. Ойбек, Танланган асарлар
-
Шундай қилиш керакки, халқнинг пешона тери билан, оғир меҳнати билан чиқариладиган сув битта ё бир неча балохўр қўлига ўтиб кетиб қолмасин. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
-
Бу савол аввалги иккита саволдан оғирроқ эди. С. Аҳмад, Уфқ
3. Мушкул; масъулиятли.
-
Оғир масала.
-
— Баҳор-да, қизим, бундан буён кун исийверади, — қизини оғир ҳолатдан чиқаришга тиришди она. Шуҳрат, Шинелли йиллар
-
Эл-муродга машғулотлар оғир туюлмади. Шуҳрат, Шинелли йиллар
-
Йил оғир келди-ю, бригадир шийпонда тунаб қоладиган бўлди. Ш. Рашидов, Бўрондан кучли
4. Салмоқли, салобатли.
-
Ғўлабирдан келган, қоп-қора, семиз киши оғир юриб, даврага чиқди. Н. Аминов, Қаҳқаҳа
-
Ҳовли ичкарироқ бўлганидан, ҳамма ухлаб қолганидан, дарвозанинг оғир гумбурига ичкаридан ҳеч ким чиқмади. Ойбек, Танланган асарлар
-
— Бунисини қўяверинг, қори, худо ишингизни ўнгласа, ҳеч гап эмас, гард юқтирмай чиқиб кетасиз, — деяр эди оғир, салмоқли товуш. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
5. Секин, шошмасдан қилинган; босиқ, вазмин.
-
Оғир қадам.
-
Қора терга тушиб, ҳассасига таяниб қолган домла уфқдан кўзини олиб, оғир бош чайқади. М. Мансуров, Ёмби
-
Ғуломжон бошини оғир кўтариб, уста Баҳромга қаради. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
6. кўчма Ўзини тута биладиган; сипо, вазмин, босиқ.
-
Аминжон, ўзи ёш бўлса ҳам, жуда пишиқ, оғир, ғайратли. А. Қаҳҳор, Хотинлар
-
Камтар ва камсухан, гўзал Искандар қулоқ солиб, жиддий ва оғир ўтирарди. Ойбек, Нур қидириб
7. кўчма Муайян меъёри бузилган, меъёрга, талабга жавоб бермайдиган.
-
Хонанинг ҳавоси оғир: чанг, овқат, тамаки ҳидлари бир-бирига аралашиб-қуралашиб кетганди. С. Нуров, Майсаларни аёз урмайди
8. кўчма Ёмон оқибатларга олиб бориши мумкин бўлган; жиддий, хавфли.
-
Оғир жароҳат. Оғир дард.
-
Отаси оғир касалликдан сўнг вафот этди. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
-
У
-
[Элмурод] ҳеч нарсани билмас, аҳволи оғир эди. П. Турсун, Ўқитувчи
-
У
-
[Салтонбу] шундай бақириб юбордики, уй бурчида оғир ётган ўн уч яшарли қизи чўчиб кетар, деб ҳам ўйламади. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
9. кўчма Ташвиш, иқтисодий муаммо.
-
[Ҳаким:] Ҳам ишлаб, ҳам ўқийман, акамга оғирим тушмасин. Ёшлик
10. кўчма Машаққатли, уқубатли, азобли; мураккаб, мушкул.
-
Оғир кун. Оғир ҳаёт.
-
Элмурод оиласи ва ўзининг оғир ўтмишини қисқача тасвирлаб келиб, охирида шундай деган. П. Турсун, Ўқитувчи
-
Отамурод узоқдан бўлса-да, сезди: бошлиқ оғир аҳволда қолибди. М. Мансуров, Ёмби
11. кўчма Қаттиқ жазолашни талаб қиладиган, жуда катта.
-
Оғир гуноҳ, Оғир жиноят
12. Нотинч, ташвишли, ҳаяжонли.
-
Оғир туш. Оғир хаёл. Оғир ўй.
-
Чолнинг юрак яраларини очишда ўзини айбли санаган Йўлчининг кўкраги оғир туйғулар билан тўлди. Ойбек, Танланган асарлар
13. кўчма Қаттиқ тегадиган, хафа қиладиган, кўнгилсиз; малолли.
-
Раиснинг уни кўриб, худди кўрмагандай ёнгинасидан машинасида кўчани чангитиб ўтиб кетиши унга оғир тегди. А. Кўчимов, Ҳалқа
-
Қамбар бирдан кулиб юборди. Унинг кулиши Йўлчига оғир тегди. Ойбек, Танланган асарлар
14. кўчма Ҳаддан зиёд, киши бардош беролмайдиган; қаттиқ.
-
Оғир алам. Оғир жудолик. Оғир кулфат. Оғир musibat.yash
-
Инсон ҳаётидаги энг оғир қайғу — онадан айрилиқ қайғуси. П. Турсун, Ўқитувчи
-
— Энди билдим, ошиқлик оғир дард экан. Бошимга тушганда билдим, — деди [йигит] П. Турсун, Ўқитувчи
15. кўчма Қаҳратон, совуқ, ташвишли.
-
Воҳа раҳбари саволни кутмаган экан, дабдурустдан довдираб қолди, сўнг шошиб: — Тўғри, устод, бу йил анча оғир қиш бўлди — деди М. М. Дўст, Лолазор.
16. кўчма Куч келадиган, қийин; дардли.
-
Оғир нафас. Оғир энтикмоқ.
-
Зиёдилла кетгандан кейин Ботирали бешик тебратиб ўтирган хотинининг ёнига чўкиб, оғир уф тортди. Ҳ. Ғулом, Машъал
-
Қизил қонига бўялган қаҳрамон пулемётчи оғир нафас олмоқда эди. Н. Сафаров, Қаҳрамоннинг туғилиши
17. кўчма Мунгли, ғамгин, қайғули; салмоқли, вазмин.
-
Оғир сукунат.
-
Оғир, юракни эзувчи куй шамоллар қанотида у ёқдан бу ёққа сузиб юрибди. С. Аҳмад, Уфқ
оғир сўзи қатнашган жумлалар:
Оғир сув
Оғир бўл
-
Одамлар Тожибойни тартибга чақиришиб чуғурлашди: Ҳа, ҳа, бир оз тишни тишга қўйиш керак. Ҳа, сал оғир бўлинг. П. Турсун, Ўқитувчи
Оғирини енгил қилмоқ
-
— Холбой бойнинг рўзғорига бўлишиб, унинг оғирини енгил қилиб турганлиги учун уйли-жойли бўлиб олди. К. Яшин, Ҳамза
Кўнглига оғир олмоқ
Оғир ботмоқ
-
Назаров эшитдингизми, дегандай қараш қилди. Назаровнинг шу боқиши Шербекка оғир ботди. С. Анорбоев, Оқсой;
-
Бу хил паловларни ёш гўдаклардан тортиб қарияларгача ва ҳатто беморлар ҳам истеъмол қилса, оғир ботмайди. К. Маҳмудов, Қизиқарли пазандалик
Оғир гап
Оғир артиллерия
Оғир карвон
-
— Йўқ, менга сира ўхшамайди,— деди Шарофатбиби шикоятланган оҳангда. — Оғир карвон у. Ойбек, Олтин водийдан шабадалар
Оғир кўчмоқ
Оғир оёқ
-
Икромжоннинг кўнгли нотинч. Хотинининг оғир оёқ бўлганидан хаёли қишлоқда, уйида эди. С. Аҳмад, Уфқ
Оғир саноат
Тарбияси оғир
-
Бўлғуси педагоглар, тарбияси оғир ўқувчилар билан ишлаш каби масалалар устида иш олиб борадилар. Фан ва турмуш
Қулоғи оғир
-
Қулоғи бир оз оғир, товушни бирмунча кўтариброқ гапиришга тўғри келди. А. Қодирий, Кичик асарлар
Ҳавоси оғир жой
ОҒИР сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
OG‘IR сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
оғир сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар