парда
билан улашинг
1. Хонани қуёш нури, шамол ва ҳоказолардан тўсиш ёки безак учун дераза, эшик ва шу кабиларга тутиладиган газлама, мато.
-
Эшик пардаси. Духоба парда. Чий парда. Чимилдиқ пардаси. Парда тутмоқ. Пардани очмоқ.
-
Анвармурод кенг деразаларнинг шоҳи пардаларини кўтарди. Ойбек, Нур қидириб
-
Ходимларга хоналарни берухсат тарк этиш, эшик ва деразаларни очиш ман этилди. Деразаларга қалин парда ва қора қоғозлар тутилди. Ёшлик
-
Чимилдиқ пардаси туширилиб, иккови ёлғиз қолгач. қиз унинг пинжига сурилади. С. Нуров, Майсаларни аёз урмайди
2. кўчма Борлиқни кўздан беркитиб, тўсиб турган нарса, масалан қоронғилик, туман, булут, кўз ёши.
-
Чимён тоғининг чўққилари парда орасида тургандек, хирагина туман ичра кўзга ташланади. Мирмуҳсин, Умид.
-
Ана, кўкка туташган чўққиларни палахса-палахса булутлар қоплаб, бутун олам кулранг пардага ўралгандай бўлди. Ҳ. Назир, Сўнмас чақмоқлар
-
— Уятсиз! — У кўз ўнгини тўсган ёш пардасидан ҳеч нимани кўролмай, тусмоллаб, стол ёнига борди. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
3. сўзлашув тили Экран, кино экрани.
4. анат. Организмда айрим аъзоларни қоплаб, ўраб ёки бир-биридан ажратиб турадиган юпқа тўқима.
-
Ўпка пардаси. Ўрдакнинг панжасидаги сузиш пардаси. Юрак пардалари. Қулоқ пардаси.
-
Ёшгина йигит барвақт оламдан ўтди. Ичкилик туфайли унинг ўпка пардаларини зардоб ўраб, сил хасталигига дучор этди. Газетадан
5. Саҳна асарининг ёхуд фильмнинг мустақил воқеликдан иборат тугал бир қисми.
-
Пьесанинг учинчи парда олтинчи кўриниши. Шоҳи сўзана пьесаси тўрт пардадан иборат.
-
Драманинг биринчи пардаси бошланди. С. Аҳмад, Сайланма
6. Театрда томоша бошлангунга қадар саҳнага илинган мато.
-
У саҳна чеккасига суриб қўйилган парда олдига борганда, концерт қизиб кетган эди. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
-
Парда очилгандан то томоша тугагунча зал кулгидан ларзага тушди. С. Аҳмад, Юлдуз
7. кўчма Бирор ҳолатни яшириш воситаси, тўсиб турувчи ниқоб.
-
Дин илм-фан юзига парда тортмайди. Қанотли сўзлар
-
Нусратбекнинг юзларидаги шунча йиллар ниқоб бўлиб келган зиёлинамо юмшоқлик пардаси йиртилиб, жағ пайлари, ёноқлари қизариб бўртди. С. Нуров, Майсаларни аёз урмайди
-
баъзан кимгадир яхши кўриниш илинжида виждоннинг кўзини нафс пардаси билан пана қилади. Ёшлик
-
Яна бир нарсани айтиб қўяй: эр-хотин ўртасида парда бўлиши шарт. Ёшлик
8. айнан Товуш пайчалари.
-
Мен сени куйламоқ истайман. Аммо шундай куйласамки, йиртилиб кетса овоз пардаларим. А. Орипов, Йиллар армони
9. Парда (эркаклар исми).
1. мусиқа Торли чолғу асбоблари дастасини бўғинларга ажратувчи тўсиқлар.
-
Ўткинчи бир мусофир Тор қоронғу ҳужрада Ўқирди янги достон, Ўйнаб қўли пардада. Ғайратий
-
Шодлик куйчисисан, бахт булбулисан, Айни авж пардада жаранглар созинг. Уйғун.
2. Шарқ мусиқа назариясида: муайян баландликдаги товуш.
-
У ҳамма вақт бошқа қўшиқларга қараганда бир-икки парда баландда юради. С. Аҳмад, Юлдуз
-
Турсуной қўшиқлари, нафис овози қалбнинг интим ҳиссиётларига монанд, куй пардагарига уйғун. Саодат
ПАРДА сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
PARDA сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
парда сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар