қадам
билан улашинг
1. Юриш жараёнидаги ҳар бир оёқ ташлаш, оёқ босиш; одим.
-
Илдам қадам. Шахдам қадам.
-
Очил бу гапларнинг менга алоқаси йўқ, дегандай қилиб, қадамини тезлаштирди. П. Қодиров, Уч илдиз
-
Ёнидаги қорабайир буни сезди шекилли, бир неча одим ўтиб, қадамини секинлаштирди. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
-
Шу вақт болохона нарвонида гурс-гурс қадам товуши эшитилди. Ҳ. Ғулом, Машъал
-
— Мардонқул ака, — деди у бошлиқнинг юришига қадамини мослаб А. Мухтор, Бўронларда бордек ҳаловат
-
Саодатхон бир-икки қадам босиб, яна орқасига қайтди. С. Зуннунова, Янги директор
2. Ҳар бир қадам оралиғига тенг масофа, оралиқ масофа.
-
— Ассалому алайкум, — дедим остонадан бир қадам нарида туриб. Э. Раимов, Ажаб қишлоқ
-
Содиқ аминнинг капаси унгурдан юз қадамча ғарбда, тоғнинг соябон бўлиб осилиб тушган каттакон тоши остида эди. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
3. кўчма Иш-фаолият, ривожланиш ва шу кабиларда олға силжиш, илгарилаш.
-
Ўртоқ Аҳмедов, бу тажриба пахта агротехникасида олға қўйилган катта қадам, дейди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
4. кўчма Бирор жой, томонга қаратилган, йўналган юриш; ташриф.
-
Унинг бу ердан қадами узилди (кесилди). У бизникига қадам босмай қўйди.
-
Агар қадамимни бой сезиб қолса, Гулнорнинг аҳволи оғирлашмайдими? Ойбек, Танланган асарлар
-
Хайрият, хайрият, Абдурасул! Сенинг ҳам қадаминг биз томонларга тушар экан П. Турсун, Ўқитувчи
-
Сенинг учун келди совчи қадами Баҳром ва Гуландом
5. кўчма Иш-фаолиятдаги ҳар бир хатти-ҳаракат; амал.
-
Одам баъзан бир марта нотўғри босиб қўйган қадами учун умрбод жавоб беради. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
-
Ахир, кам гапириб, қадамини билиб босса, ишини билиб қилса ва зимдан қора ниятлар йўлидан кета берса, уни дарҳол билиш осонми, ахир? Ш. Рашидов, Бўрондан кучли
қадам сўзи қатнашган жумлалар:
Бир қадам
-
Бир қадам нарида турибди;
-
Ўзингиз кўрдингиз, бугун гузардан бир қадам ҳам жилганим йўқ, гувоҳ бўларсиз дейман-да. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
Қадам босмоқ
-
Турғуной тиззасини ушлаб, зўрға қадам босарди. А. Қаҳҳор, Мастон
-
Йўқ, амаки, уйга энди бир умр қадам босмайман. С. Аҳмад, Уфқ
-
Бугун саккиз кун бўлди, қадам босмайсиз-а? С. Сиёев, Ёруғлик
-
ўша босган ножўя қадами бошига бало бўладиган бўлди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
Қадам олиш
-
Иккаласининг кайфлари баландми ё Опа келтирган хушхабар эсанкиратиб қўйганми, ишқилиб, қадам олишлари бошқача. О. Ёқубов, Ларза
-
Абдусамад қорининг сўнгги кунлардаги қадам олиши Ўрмонжоннинг ҳар иккала тахмини ҳам тўғри эканини аниқ кўрсатиб турар эди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
Қадам отмоқ (ёки ташламоқ)
-
Иккала от бир қиёсда баравар қадам ташлаб борар эди. А. Қаҳҳор, Асрор бобо
Қадам ранжида қилмоқ
-
Устоз ёзувчи хотирасини эъзозлаш учун қалам соҳиблари, олимлар музейга қадам ранжида қилдилар. Газетадан
Қадам ташламоқ
-
Мақсадсиз ташланган қадам — ўксиз милтиқ билан овга чиқишдек гап. Шукрулло, Жавоҳирлар сандиғи
-
Ўтган йил билан ҳам хайрлашдик. Янги йилнинг бўсағасига қадам ташладик. Н. Сафаров, Оловли излар
Қадам қўймоқ
-
У уйнинг зинасига энди қадам қўйганда, похол остидан чиққан кампир: — Ҳой, болам, немис бор! — деб қичқирди. А. Қаҳҳор, Олтин юлдуз
-
Дўст билан обод уйинг, Гар бўлса у вайрона ҳам. Дўст қадам қўймас эса, вайронадур кошона ҳам. Э. Воҳидов
-
Бу ишга қадам қўймасдан илгари, бир карра сизнинг олдингиздан ўтиш, раъйингизни билишга тўғри келди. Ойбек, Танланган асарлар
-
Ўн иккига қадам қўймоқ.
-
О, учга қадам қўйиб қолди-ку. Тили бирам ширин бўлиб чиққанки, сира қўя берасиз. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
Ҳар қадамда
-
Ҳар қадамда белги қўйиб борарди;
-
Масжиди жомий бўйлаб ҳар қадамда гадой, қаландарлар, тиланчи болалар, кампирлар Ойбек, Танланган асарлар
Қадамини узмоқ
-
Нега бизникидан қадам узиб кетдингиз, ё кўнгил қоларлик иш ўтдими биздан? К. Яшин, Ҳамза
ҚАДАМ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
QADAM сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
қадам сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар