тан
билан улашинг
1. Одам гавдасининг кўкрак қафаси ва қорин бўшлиғидан иборат қисми: тана.
-
Бир куни унинг бошини танидан жудо қилсалар ажаб эмас Мирмуҳсин, Меъмор
-
Киши танидаги аъзоларнинг ҳам қулоғи бор: ўзининг бардамлигини эшитган аъзолар яна соғ туриб, хизматни бажараверади. Мирмуҳсин, Меъмор
2. Кишининг бутун борлиги, вужуд.
-
Соғ танда соғ ақл. Мақол
-
Тани соғлиқ — туман бойлик. Мақол
-
— Худоё тавба денг, жон бошқа, тан бошқа, — деди домла. П. Турсун, Ўқитувчи
-
Аноргулнинг қўлидаги дутор Ўртоқлар куйини танларга ларза бериб тарона қилди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Ахир тут фақат қорин тўйдирадиган таом бўлмасдан, киши танига дори-дармон ҳамдир. Н. Сафаров, Оловли излар
3. Тана, вужуднинг сирт қисми; бадан.
-
Гард юқмасин танингга, Лой тегмасин бағрингга. Қ. Муҳаммадий
-
Бу гапни эшитиб, Элмуроднинг тани жимирлаб кетди. П. Турсун, Ўқитувчи
-
Йигит унинг оқ мармардек яланғоч танига боқмай, ерга қаради. Мирмуҳсин, Йўқолган жавоҳир
4. кўчма Ўлик тана; жасад.
-
Солдат тани, қўшни взводдан шекилли. Снайпернинг ўқи калласига тегибди, қора қонга бўялиб ётибди шўрлик. Т. Рустамов, Мангу жасорат
-
Мазлумларнинг танидан Курган саройлар Ғамда ўтди халқ умри Кўп йиллар, ойлар. Ғайратий
5. Шахс билдирувчи сўзлар ёки эгалик шаклидаги сўз билан қўлланиб, тегишлилик, улуш каби маъноларни билдиради.
-
Ҳар ким ўз танини олди. Харажатнинг ярми менинг таним. Мен ҳам тўртдан бир тан.
-
— Бўпти, Даврон, зиёфат менга тан, — дедим. — Ҳаммасини ўзим пишираман. П. Қодиров, Қадрим
6. Дастлабки баҳо, таннарх; дастлабки маблағ, сармоя.
-
Танидан юз сўм камига сотмоқ. Еб-ичиб, танини қилмоқ.
-
Муҳаммадражаб саккиз минг сўмни ойига ўн уч процент фойда бериш шарти билан олиб, икки ойдан бери на фойдасини беради, на танини. А. Қаҳҳор, Сароб
7. кўм. взф. кам. қўлл. Томон, ён.
-
Ким зўр бўлса, жазосини бераман, Камбағал Назарнинг тани бўламан. Ф. Йўлдош, Маматкарим полвон
тан сўзи қатнашган жумлалар:
Бир жон, бир тан бўлмоқ
Тан бермоқ
-
Илгари мен, очиғи, буларнинг қўлидан шунчалик иш келишига инонмаган эдим, энди тан бериб қўйдим. Ҳ. Назир, Маёқ сари
-
унинг билмаган нарсаси йўқлигига ҳамма тан бериб улгурган эди. А. Мухтор, Туғилиш;
-
Ўктам кўзларини қисиб, бошини тебратиб, қовунни мақтади: — Дидингизга тан бердим. Ойбек, Олтин водийдан шабадалар
-
Ажойиб шаҳар Бокуни бунёд этган халққа ва унинг истеъдодига тан бердик. Н. Сафаров, Оловли излар
Тан олмоқ
-
Ўз хатоларини тан олмоқ.
-
Адолат ҳар куни кечқурун Усмонжонни кўриш орзусида уйига ошиқар, уни соғинар, лекин буни тан олишга ўзидан-ўзи уяларди. С. Зуннунова, Гулхан;
-
Зарифа унча-мунча йигитни тан олиб яқинлашишга шошилмасди. С. Кароматов, Олтин қум
-
Раисни тан олмай қўйишларига ҳам сал қолди. Ш. Рашидов, Бўрондан кучли
Танини бағишламоқ
-
Унинг никоҳига танини бағишлаган одам киради Мен эмас. К. Яшин, Ҳамза
-
Бормай туриб бағишласин танини, Сўнгра кўрсин хотин меҳрибонини. Гулшанбоғ
Тақдирга тан бермоқ
-
Яраш полвон кекса момоларнинг тилига кириб, хотинини туркона муолажа қилдирди. Фойда чиқмади. Кейин эр-хотин тақдирга тан бердилар. С. Сиёев, Отлиқ аёл
ТАН сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
TAN сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
тан сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар