томоқ
билан улашинг
1. Бўйиннинг энгак ости (тумшуқ ости) қисми.
-
Канизак кўк рўмолини томоғининг тагидан боғлаб олган ерга қараб жадаллаб келар эди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
-
Бирорта одам зиғирча камчилигимиз ҳақида оғиз очса, томоғидан ғиппа бўғамиз. Ф. Мусажонов, Ҳиммат
2. анат. Қизилўнгач билан кекирдак бошланадиган ер; бўғиз.
-
Томоқ оғриғи. Томоғим оғрияпти.
-
Қизда уйқу йўқ. Унинг бадани қизғин, томоғи қақраган, юраги шиддатли уради. Ойбек, Танланган асарлар
-
[Абдураҳмонбой] Томоғига совуқ ҳаво тиқилгандай, бир энтикди. Ҳ. Ғулом, Машъал
-
Ҳар ютуми томоқни қириб ўтади. П. Турсун, Ўқитувчи
3. Таом, овқат, овқатланиш.
-
Тамли томоқ. Томоқ емоқ. Томоқ қилмоқ. Қарини томоқ асрайди. Мақол
-
Уйдагиларнинг сўзларинигина эмас, ҳатто томоқ чайнашларини ҳам эшитса бўлар эди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Томоқдан кейин Отабек ҳам бир оз ухлаб олиш учун ётди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
томоқ сўзи қатнашган жумлалар:
Томоқ қирмоқ
-
У томоғини ора-сира қириб, энтикиб туриб гапирди. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
-
Дарвоза очаётган киши қаттиқ йўталиб, устма-уст тупурди ва томоқ кириб, Кир!, деди бўғилиб. Н. Аминов, Суварак
-
Томоқ кирсам, бас, шу тоб, Келтириб беш сих кабоб, Кўлимга тутиб шароб, Ичаверинг, хўп, дерди. Ғ. Маҳмудов, Вақтим зиқ
-
кекса бир уламо томоқ кириб, ўзидан хабар бермагани-да, ким билади, у сукунат яна қинча давом этар экан? М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
Томоқни ҳўлламоқ
-
Ёшликнинг охири, қариликнинг боши, дегандай, озроқ томоқни ҳўллаб олсак бўларди. Муштум
Томоғи тақилламоқ
-
Томоғи такиллаб турган Аҳмад бир отишда қадаҳни бўшатди. Ф. Мусажонов, Ҳиммат
-
Ҳалиги Мамасаид деганимизнинг қизи ҳам бўйига етиб, кўзга кўриниб қолди. Бирорта ҳамёни каттароққа пулласам, деб томоғи тақиллаб юрибди. П. Турсун, Ўқитувчи
Томоғи қичимоқ
-
У томоғи қичиган куни бирор кишининг симини шартта узиб, уйига кириб кетади. Муштум
Томоғидан ўтмаслик
-
Томоғидан [бувамнинг] ҳеч нарса ўтмайди, сув ичса ҳам, ғарғара қилиб ташлайверади. Газетадан
-
Қудрат томоғидан овқат ўтмай, икки қўли чеккасида, хаёл суриб кетди. Ҳ. Назир, Сўнмас чақмоқлар
Томоғини ёғламоқ (ёки мойламоқ)
-
Улар бойнинг қўзи ва қазилари билан томоғи мойланиб, ишни ёпиб юборган эдилар. С. Айний, Қуллар
-
Мудирга чўталь тўлаган юқоридаги кишилар бошликнинг томоғини мойладик, энди овози чиқмайди, деб бир порцияли овқатни уч порция қилиб, хўрандаларни чўмичдан қоқа бошладилар. Муштум
Текин томоқ
-
Текин томоқ ичагингни тешади. Мақол
-
Текин томоқ танни тоза қилади. Мақол
-
Аллонхўжа қўрасидаги қора ўтовларни оралаб, отбоқар-у фойтунчиларни, текин томоқ ялқовлар, деб сўкиб жувозга қувди. А. Мухтор, Қорақалпоқ қиссаси
Ҳаром томоқ
-
Ҳаром томоқ одам ўғридан ёмон. Уйғун, Ҳаёт чақиради
ТОМОҚ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
TOMOQ сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
томоқ сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар