ҳисоб
билан улашинг
1. Сон, миқдорни белгилаш учун рақамлаб аташ; саноқ, санаш.
-
Оғзаки ҳисоб. Ҳисобда янглишмоқ.
-
Ясовулбоши ҳисобидан янглишмай, ўлим калтагини санайди. С. Сиёев, Ёруғлик
-
Қирмоқдаман фашист ўғрини, Ҳисобимда ҳозир юз ўттиз. Р. Бобожон.
-
Сенинг ҳисобингга тўғри келадими? Агар олган ҳисобимиз тўғри чиқса, бу гал унинг [Отабекнинг] Марғилонга қуруқ қатнаб юришининг еттинчи қайтаси эди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
2. Ҳисобда бўлгани; миқдор, саноқ.
-
Ҳашарда қатнашаётганларнинг ҳисоби. Фермадаги қўйларнинг ҳисоби. Оларда ҳисоби — тўққиз, Берарда саноғи — ўттиз. Мақол
-
Рус шаҳарларига бориб савдо қилувчилар Туркистонда жуда оз ҳисобда бўлиб А. Қодирий, Ўтган кунлар
3. Кимса ёки нарсаларнинг мавжудлигини, миқдорини белгилаш рўйхатидаги, унда қайд этилувчи мажмуи; қайд этилувчилар (этилганлар), борлар гуруҳи, қатори.
-
Инвентар ҳисоби. Ҳисобга киритмоқ. Ҳисобдан чиқарилмоқ.
-
Ҳали бу ҳисобга фуқародан ўлдирилган бечоралар кирмайди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Боягиси ўн биттамиди? Мана шу сўнггисини ҳисобга ёзинг Шуҳрат, Шинелли йиллар
4. айнан Ҳисоб-китоб 5.
-
У [Отабек] ўзининг душманларини ўлдириш учунгина Марғилонга қатнаб юрган экан, ҳисобини тугатди-да, бедарак кетди-қолди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
5. Ўзаро келишув, битимга кўра олинадиган улуш, ҳақ.
-
Марғилондан арава миниб келувчи ёлланган киши бўлиб, Тошкентга келишининг эртаси куни ҳисобини олган эди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
6. (асосан эгалик, жўналиш келишиги ва чиқиш келишиги қўшимчалари билан) Кимса, жамоа ва бошқалар тасарруфида, унинг ихтиёрида бўлган нарса, моддий бойлик, озиқ-овқат, пул ва шу кабилар
-
Гапнинг қисқаси, ўзга халқлар ҳисобига яшади. С. Кароматов, Олтин қум
-
Энди командировкага ҳам ўз ҳисобингиздан бориб келасизми? С. Нуров, Нарвон
7. Кўпчиликка ёки кимсага қилинган, бўлган ишлар ҳақида бериладиган маълумот.
-
Кейин қўли билан пешонасини сиқди-да, ҳисоб беришга бошлади қалтираган кўллари билан чўт қоқди. Ойбек, Танланган асарлар
-
Отни бир оз совитдим, беда солдим, —
-
Қобил, биров ундан: Нима қилиб юрибсан? деб сўраётгандай, ҳисоб берди. Ҳ. Ғулом, Машъал
-
Меҳмонхоналардан бирида Мирзакаримбой ўз гумаштасидан ҳисоб олар эди. Ойбек, Танланган асарлар
8. кам қўлланадиган, айнан Ҳисобот.
-
Раҳбарнинг ярим йиллик ҳисоби.
-
Менинг икки оёғимни бир этикка тиқиб, ҳисобимни қўйишлари мумкин. Ш. Рашидов, Бўрондан кучли
9. эскирган, айнан Арифметика.
-
Янги мактаблар очиб, Қуръони карим ва бошқа диний дарслар билан бирга, жуғрофия, тарих, ҳисоб каби илмларни ҳам таълим берайлик. Ойбек, Танланган асарлар
-
Иккинчи дарсда Зоҳидов деган ёшгина бир йигит ҳисобдан дарс берди. П. Турсун, Ўқитувчи
10. махс. Ҳисоблаш, ҳисоблаб чиқиш натижаси.
-
Баъзан у узундан-узоқ ҳандасавий ҳисобларни қоғозга ёзиб қолар, яна ўйчанлик билан қамиш қалам орқасини ғажий бошларди. Мирмуҳсин, Меъмор
11. И Бирор нарса учун тўланадиган пул суммаси қайд этилган ҳужжат.
-
Ҳар бир студент-қурилиш отрядида иқтисод ва ҳамкорлик шахсий ҳисоблари очилган. Газетадан
12. бух. Бирор муассаса, ташкилот ва шу кабиларда бухгалтерия иш-муомаласини олиб бориш (юритиш) учун хизмат қилувчи молиявий операция, шунингдек, ҳужжатлар.
13. Спорт ўйинида томонлар очкосини белгиловчи рақамлар (рақамларда ифодаланувчи сонлар) нисбати.
-
Ўйинда ҳисоб тенглашди — 2:2. Бу гал 5:2 ҳисоби билан меҳмонлар ғалаба қилишди.
14. Гап охирида (кесим таркибида) деса бўлгудек, деярли маъносини билдиради.
-
Газ қуритадиган саккизта насоснинг ҳаммаси монтаж қилиб бўлинди ҳисоб. Газетадан
-
На хотин, на бола-чақа. Дунёдан тоқ ўтдик ҳисоб. Ойбек, Танланган асарлар
-
Элчиев Рўзиев билан унчалик яқин эмас, ош-қатиқ бўлган жойи ҳам йўқ ҳисоб. Э. Аъзам, Жавоб
15. Бирор иш, хатти-ҳаракатнинг қаноатланарлилигини, ўрнига ўтишини билдиради.
-
Оёғингизга қўй сўйсак арзийди, Юсуфжон ака. Бу ҳисоб эмас, ҳовлига борамиз К. Яшин, Ҳамза
16. сўзлашув тили Илож, чора; имконият.
-
Дарёдан ўтишнинг ҳисоби борми?
-
Қайтай десам — қувади, ўтиб кетишнинг сира ҳисоби йўқ А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
-
Дардим ичимда. Бир олдингизга бориб, юрагимни ёзиб келаман дейман, сира ҳисобини қилолмайман. Р. Файзий, Ҳазрати инсон
17. фольк. Нима қилиш, иш-фаолият режаси, иш олиб бориш йўли.
-
Бу сўзни қиз эшитиб, ақлини йитириб, ҳисобини йитириб, шошиб қолди. Муродхон
18. 3-ш. эгалик ва ж.к. шаклида — (ҳисобига) кўм. взф. Асос, сабаб, қарашлилик каби муносабатларни ифодалайди; эвазига, учун, туфайли.
-
Катта меҳнат ҳисобига шундай натижаларга эришилди.
-
Бу йил узумдан биринчи маротаба давлат ҳисобига ҳосил йиғиб олинди. Ўзбекистон қўриқлари
-
Оғир минутларда биз фақат солдатларимизнинг мардлиги ва қатъийлиги ҳисобига душманни тутиб турардик. Н. Сафаров, Оловли излар
ҳисоб сўзи қатнашган жумлалар:
Ўрта ҳисобда
-
Жамоа ўрта ҳисобда йигирма беш центнердан ҳосил олади. Ҳисобга олмоқ
-
Мажлис қатнашчиларини ҳисобга олдим ;
-
Ака-ука Ҳасанбек, Ҳусанбек, томда ишлаётган гуржи ва пастдаги икки йигитни ҳисобга олмаганда, қурилишда одам йўқ эди. Мирмуҳсин, Меъмор;
-
Самарқанд ҳокими этиб тайинланган амирзоданинг ғоятда ёш эканини ҳисобга олиб шоҳ Малик Тархонни унга маслаҳатгўй ва ҳимоячи этиб тайинлади. Мирмуҳсин, Меъмор
-
ректорат ҳам унинг иккита имтиҳондан қарзи борлигини ҳисобга олиб, бу қарорни тасдиқлаганди. Ў. Ҳошимов; Қалбингга қулоқ сол
Ҳисоби йўқ
-
Хизмат қилар ҳисоби йўқ сипойи Баҳром ва Гуландом
-
бир томондан кириб келаётганларнинг ҳисоби йўқ. К. Яшин, Ҳамза
Ҳисобига етмоқ
-
Қишлоқ кулбаларининг чети кўринмас, ҳовлиларнинг ҳисобига етиб бўлмасди. Ўзбекистон қўриқлари
Ҳисоб дафтари
-
У тирмашиб, хирмонга чиқа бошлади тарози ёнида турган Тальъат уни кўриб қолди шекилли, ҳисоб дафтарини пахта устига ташлаб, чопиб келди Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол;
-
— Ҳай, майли менда одамгарчилик бор, — дейди-да, ҳисоб дафтари билан чўтни олади. П. Турсун, Ўқитувчи
Ҳисоб қилмоқ
-
У савдогарни ўз ҳузурингизга олиб келиб, ҳисобни ўзингиз қилганингиз хўброқдир. Бўтакўз
Ҳисобни очмоқ
-
Ўйиннинг ўттиз тўққизинчи минутида Боқи ҳисобни очган эди. Р. Азизхўжаев, Яшил чайла
Бир ҳисобда
-
Бир ҳисобда, айтмаганимиз дуруст бўлди.
-
Бир ҳисобда, дадамнинг ухлаб қолгани менга яхши бўлди. Победада бир ўзим маза қилиб кетаман С. Аҳмад, Чўл бургути
ҲИСОБ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
HISOB сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
ҳисоб сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар